Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 00:18
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Август » 12 » Сўнгги совға
15:33
Сўнгги совға


Сўнгги совға 
Тоҳир диванга чўзиларкан, стол устидаги бир тахлам газетани қўлига олди. Бугунга режалаган асосий ишларни ниҳоясига етказди, энди бемалол газета ўқиб, дам олиш мумкин. Қолаверса, бу унинг энг севимли машғулоти ҳам. Муниса ҳам баъзан ҳазиллашиб қўяди: "Ёшингиз элликни қоралаб қоптию, ҳалиям қўлингиздан газета тушмайди-я, яна кўзойнаксиз ўқийсиз-а! Сиз тенгилар аллақачон бобо бўлишди. Ёки эрта бир кун невараларингизга ҳам эртак айтиб бериш ўрнига газета ўқиб берасизми? ”
Навбатдаги газетани қўлига оларкан, Тоҳир ўрнига яхшилаб жойлашиб олди. Негадир шу газетани бошқача қизиқиш билан ўқийди. Олий сифатли қоғозда, бунинг устига рангли чиқадиган газета фақат реклама-тижорат хабарларидан иборат. "Сотаман”, "Оламан”, "Алмаштираман”, "Ижарага қўяман” ва ҳоказо. Тоҳир бу газетани анча йиллар олдин, Муниса билан ижарада яшаб юрган пайтларида сотиб олганди. Қўлда ёш гўдак билан ижарама-ижара яшаш жонларига тегиб кетган эр-хотин арзонроқ уй олишни, ўз бошпаналари бўлишини орзу қилишарди. Ўшанда ҳамкасбларидан бири Тоҳирнинг қўлига шу газетани тутқазган, ўзига маъқул нархдаги уйни топиши мумкинлигини айтганди. Ростдан ҳам хозир яшаб турган икки хонали уйни газетадаги эьлон орқали сотиб олишди. Ўшанга ҳам йигирма йилдан ошибди. Кейинчалик уйларига керак бўладиган жиҳозларни ҳам газетадаги эълонлар орқали топганди. Шу-шу бўлдию, бу газета Тоҳирнинг эрмагига айланди. Ўзига қизиқарлироқ бўлган эълонга кўзи тушиб қолса, эринмай эълон эгасига қўнғироқ қилади, савдолашади, таниш- билишларини олиб боради. Сўнгги сақифани варақларкан, Тоҳирнинг кўзи бир чеккада қора рамка ичига олингин, деярли эътиборни тортмайдиган эълонга тушди.
"Донор юрак керак. Зудлик билан!Барча шартларга розимиз. Тел…
Тоҳир кўзларига ишонмай, эьлонни яна қайта ўқиди... тавба, шунча йилдан буён неча минглаб эьлонларни ўқиди, лекин ҳали бунақасига кўзи тушмаганди. Донор юрак керак эмиш. У чет элларда инсон танаси аъзолари сотилиши ҳақида эшитганди, аммо ўзи бундай эълонга дуч келиши етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Хойнаҳой, кимдир бекорчиликдан зерикиб, ҳазил тариқасида шу эълонни берган бўлса керак. Ахир, ким ҳам юрагини суғуриб беради, осон эканми бу. Агар бу иш шунчалик осон бўлганида у ўзининг юрагини Мунисага, бу дунёда топган энг қимматли инсонига берарди. Йигирма етти йилдан буён эрининг кўзларига мутелик билан яшаётган Мунисанинг юраги касал. "Хотинингизнинг юрагига гўё бомба қўйилган, эҳтиёт бўлмаса, ҳар соатда, ҳар дақиқада портлаб кетиши мумкин”, дейишган унга шифокорлар.
Агар юрагини бериш бериш бўлса, Тоҳир уни фақат шу аёлга – ҳасму ҳалолига бериши мумкин эди. У яна эълонга бир кўз ташлаб олди. Донор юрак керак эмиш. Ахир, ким ҳам ўз жонидан кечарди.
- Дадаси, ухлаб қолдингизми? – хотинининг овози унинг паришон хаёлини тўзғитиб юборди. "Дадаси” деган сўзни хотинининг оғзидан йигирма тўрт йилдан буён эшитади, аммо ҳар гал биринчи марта эшитаётгандек энтикади. Муниса бу сўзни авайлаб, меҳр билан айтадики, гўё энг муқаддас нарсани тутқазяпти-ю, эҳтиёт бўлмаса тушиб чил-чил синиб қоладигандек.
- Кел, ўтир, - Тохир хотинига ёнидан жой кўрсатди. Қўлидаги чойнак пиёлани стол устига қўяркан, аёл эри кўрсатган жойга ўтирди.
- Дадаси яна икки ҳафтадан кейин Нодиржоннинг туғилган куни. Ўшанга, ... – аёл айбдор кишидек қимтинди, - ўшанга... бирор тузукроқ совға олиб берсак...
- Шунақами, агар сен эслатмасанг ёдимдан кўтарилибди, - Тоҳирнинг кўзи ёришиб кетди. – Ҳали вақт бор экану, унгача маош бериб қолишар.
- Дадаси... – Муниса гуноҳкорона бошини эгди, - ўғлингиз ... "энди ёш бола эмасман, латта-путта билан алдаманглар”, деяпти, - аёлнинг киприклари намланди.
- Унда нима ҳоҳларкан ўғлинг? – Тохир ич-ичидан қўзиб келаётган ғазабини зўрға босди.
- Ўғлингиз машина олиб беринглар, деяпти, - аёл ўтирган жойига тобора сингиб кетди.
- Ўйлаб гапираяпсанми?! – Тоҳир энди ичидаги тўфонни тўхтатолмади, овозидан Мунисагина эмас, деразаю поллар зириллагандек бўлди гўё. – Машинани қайси пулимга олиб бераман? Нима, ўғлинг мени хонавайрон қилмоқчими, ўтган йили кўрсатган томошасидан кейин ҳалигача ўзимизга келолмаяпмиз-ку?!
Хотини пиқиллаб йиғлаб юборди. Елкалари силкинганча кўзларидан оқаётган изтироб селини артишга уринарди. Унга қараб Тоҳирнинг раҳми келди, ахир бу бечорада нима айб! Бор-йўғи ношуд ўғлининг гапини отасига етказди, холос. У хотинини бағрига босди.
- Бўлди, тинчлан, ўғлинг билан ўзим гаплашаман. Сен овқатингни тезлаштир. -у зўрма-зўраки жилмайиш билан вазиятни юмшатмоқчи бўлади.
Тоҳир Мунисани илк бора учратганда билаклари кучга тўлган, юз-кўзидан шижоат барқ уриб турган йигит эди. Университетнинг тўртинчи курсида ўқиб юрганда талабаларни пахта йиғим-теримга олиб чиқишди. Кечки пайт ҳамма терган пахтасини топшириб, баракка шошилаётган маҳалда Тоҳирнинг кўзи далада, терган пахтасини кўтаролмай, атрофга аланг-жаланг боқаётган қизга тушди. "Сизлар кетаверинглар”, деди у ёнидаги шерикларига ва қиз томон юрди.
- Ёрдам керакми, синглим?
- Майли, агар малол келмаса, - қизнинг кўзлари порлаб кетди.
Қиз терган пахта унчалик оғир чиқмади, шунинг учун ҳам Тоҳир ўзича ҳазиллашган бўлди.
- Бор-йўғи терган пахтангиз шугина экану, кўтаролмай ўтирибсиз-а! Дугоналарингиз аллақачон баракка етиб олиб, маза қилиб ўтиришгандир.
Йигитнинг ҳазилига жавобан қиз синиққина жилмайиб қўйди. Баракка бирга қайтишди. Йўл-йўлакай қизнинг исми Муниса экани, биринчи курсда ўқишини билиб олди. Эртаси куни тасодифан улар ёнма-ён эгатга тушиб қолишди. Бу тасодифмиди ёки тақдирнинг ёзуғими, хуллас, пахта мавсуми охирига келиб Тоҳир Мунисага қаттиқ боғланиб қолди. Қиз дилидагини очиқ айтмаса-да, йигитга бефарқ эмаслиги аён эди. Самимий учрашувлар ўқиш бошланиб кетгандан кейин ҳам давом этди. Икки ёш севгисидан маст бўлиб юрган кунларнинг бирида Муниса дарсга келмай қўйди. Суриштириб билса, касалхонага тушиб қолибди.Касалхона манзилини топиб, Муниса ётган палатага бош суққан йигит севгилисини ҳар хил узун ичаклар уланган, кўзлари юмуқ ҳолда кўрди. Тепасида Мунисанинг ўзига ўхшаган, ўрта ёшлардаги аёл парвона эди. Йигит томоқ қириб ўзининг келганини билдирди. Муниса кўзларини базўр очди. Тоҳирни кўриб ўрнидан турмоқчи бўлгандек қимирлади. Онаси қизни тинчлантирди.
- Қимирлама, игна билагингдан чиқиб кетади,- сўнг ўзи ўтирган стулни бўшатиб, йигитга сўз қотди.
- Келинг, ўғлим, ўтиринг, фақат толиқтириб қўйманг, илтимос, - шундай деганча она палатани тарк этди.
Йигит ва қиз бир-бирига тикилиб қолишди. Кўзлар сўзлашардилар гўё: "Сизга нима бўлди, нега бу аҳволда ётибсиз? – сўради йигитнинг кўзлари”, "Нега келдингиз, мени бу аҳволда кўрганингиздан кўрмаганингиз яхши эди” – яширинмоққа жой тополмади қизнинг кўзлари. Сукунатни биринчи бўлиб йигит бузди.

- Тинчликми, Муниса, нима бурга тепдими, - одатдагидек ҳазил қилган бўлди Тоҳир.

- Шунақага ўхшайди, - шикаста жилмайиш билан жавоб берди Муниса. Сўнг қўшиб қўйди: - Кўп ўқиворибман, шекилли, бироз чарчаганман.

Қизнинг ёнида бир пас ўтиргач, Тоҳир яна келишга ваъда бериб эшик томон йўналди. Узун коридордан чиқаркан, ташқаридаги ўриндиқда ўйчан ўтирган Мунисанинг онасига кўзи тушди. Аёл ҳам уни кўриб бетоқатланди, бошидаги рўмолини тузатган бўлиб, йигитга яқинлашди.

- Сиз билан икки оғиз гаплашиб олсак бўладими?

Ўриндиқ четига омонатгина қўнишди. Ўтирганлардан бири нимадир демоқчи бўлару айтолмас, иккинчиси эшитилажак сўзга маҳтал эди. Ниҳоят, Мунисанинг онаси сўз бошлади:

- Мен Мунисанинг ойисиман. Биламан, сиз Тоҳирсиз, қизим сиз ҳақингизда айтганди. Мен сиздан бир нарсани илтимос қилмоқчиман. Фақат мени тўғри тушунинг, гапларимни кўнглингизга оғир олманг. Тоҳиржон, илтимос, энди Мунисанинг олдига келманг, умуман , бундан кейин уни безовта қилманг.

- Н-нега? – Тоҳир қулоқларига ишонмади, - нега ахир?! Мени Мунисага муносабатим самимий, ҳеч қандай ғаразли мақсадим йўқ.

- Биламан, ўғлим, биламан, лекин вазият шуни тақозо қилади. Мен айтгандек қилсангиз, икковларингизга ҳам яхши бўлади.

- Сабабини билсам бўладими? – У бир пас жим турди-да, сўзини давом эттирди:

- Мен Мунисага уйланмоқчиман, буни уйдагиларга ҳам айтганман.

Аёлнинг кўзлари ёшга тўлди.

- Қизимни берсам сиздек йигитга берардим, лекин бунинг сираям иложи йўқ. Муниса касал, оғир касал. Уни юраги хаста. Билмадим, қаердан орттириб олди бу дардни. Мактабда ўқиб юрган пайтларида ўз-ўзидан ҳушидан кетиб қолаверарди. Дўхтирга кўрсатсак юракдан дейишди. Дарди йилдан-йилга зўрайяпти. Дўхтирлар айтишган, у турмушга чиқиши, фарзанд кўриши мумкинмас. Агар қаттиқроқ асабийлашса ҳам юраги панд бериб қолиши мумкин. Ахир, оила қургандан кейин оғир-енгил гап сўзлар бўлади, бунинг устига сизнинг ота-онангиз ҳам невара кўргилари келади.

Тоҳир бу гапларни эшитмади. Тўғрироғи, эшитди-ю, лекин овоз узоқ узоқлардан келаётгандек, шу овоз зарби миясини фалажлаб қўйгандек эди гўё. Ҳушини йиғиб ўзига келганда ёнидан Мунисанинг онаси йўқ эди.

"Муниса касал, оғир касал...” Бу сўзлар йигитни тинмай таъқиб қилар, айтиш мумкинки, бутун фикру ёди шу сўзларга айланганди. Наҳот орзулари чил-чил бўлса, наҳот энди Мунисадан айро яшашга кўниши керак, касал одамнинг бахтли бўлишга ҳаққи йўқми, ахир бунинг учун Муниса айбдор эмаску? Бахтли бўлиш фарзанд кўриш билан белгиланадими?

... Орадан ўн кун ўтиб, Муниса касалхонадан чиқди. Худди ўша куни Тоҳирнинг совчилари қизнинг эшигини тақиллатиб боришди. Мунисанинг онаси уларга бор гапни айтишга мажбур бўлди. Тоҳирнинг аяси кечаси билан ўғлига гап уқтиришга уринди, лекин бирор наф чиқаролмади. Тортишувлар, кўз ёшлар, дийдиёлар узоқ вақт давом этди. Ва ниҳоят ярим йилдан сўнг Тоҳирнинг қўли баланд келди, Муниса келинлик либосида йигитнинг остонасига қадам қўйганида Тоҳирдан бахтлироқ одам йўқ эди дунёда. Икки ёш ўз оламларида бахтли эдилар, аммо уларни ўраб турган ташқи олам бу ярим бахт эканини эслатиб турарди. Тоҳирнинг онаси ўғлининг касалманд қизга уйланганига ҳеч ҳам кўниколмади. Ахир, қайси она чорак аср "пуф-пуфлаб” ўстирган ўғлининг безурриёт ўтишига индамай қараб тураоларди. Бунинг устига Муниса нимжонлиги сабабли сал оғирроқ ишларни ҳам бажаролмасди.

Қайнона-келин ўртасидаги кўзга кўринмас уруш ёш оиланинг парчаланиб кетишига сабаб бўлиши мумкин эди. Мунисанинг ўз ҳаётини гаровга қўйиб босган қалтис қадамигина оилани сақлаб қолди.

... Эшик ортида нимангдир тарақлаб кетиши, ортидан кимнингдир ғудурланиб сўкиниши Тоҳирнинг хаёлини бузиб юборди.

- Бу уйда бирор тирик одам борми? – ўғли Нодирнинг овози эшитилди. Ошхонада куймаланиб юрган Муниса югуриб чиқиб, ўғлининг елкасидан суяди.

- Секинроқ, ўғлим, даданг уйдалар, эшитиб қолмасинлар тағин.

- Нима қилибди эшитса, мен нима қилдим. – Нодирнинг овози янада баланлашди. Унинг гапириш оҳанги ўзини ҳимоя қилиш учун эмас , балки рақибини очиқдан-очиқ курашга чорлаётган кишиникига ўхшарди.

Тоҳир она-бола турган хонага кирди. Хонани бадбўй ҳид тутиб кетган. Нодир хона ўртасида чайқалганча турарди. Тоҳирнинг ғазабли нигоҳини кўриб хотини қўрқиб кетди.

- Тинчликми, шер йигит, овозингиз баланд-баланд чиқяпти?! – Ҳар қанча ўзини босишга уринмасин, ғазабланганини яширолмади Тоҳир. – Бугун нима муносабат билан ичдилар?

Ўғли индамади. Отасига ёвқараш қилди-да, тескари бурилмоқчи бўлди. Аммо, Тоҳирнинг кучли қўлларида унинг нимжонгина елкалари қисилиб қолди.

- Вой, дадаси, қўйинг индаманг, ҳозир ўрнига ётқизаман, - Муниса жон ҳолатда эрининг қўлларини ўғлининг елкаларидан ажратиб олмоқчи бўлди.

- Сен аралашма, мен бу билан эркакчасига гаплашиб оламан, - хотинини эҳтиёткорлик билан четлатди Тоҳир, сўнг яна ўғлига юзланди:

- Сендан сўраяпман, нима муносабат билан ичдинг бунча?

- Ичгим келди-ичдим, мен энди ёш бола эмасман сизга, - бир силтаниб ўзини бўшатиб олди ўғли.

- Вой болам, дадангга гап қайтарма! – ҳам ялиниш ҳам қўрқув оҳанги бор эди Мунисанинг сўзларида.

- Индама, гапириб олсин, қани, нима деркин? – деди Тоҳир.

-Ҳа, нима гапирсам гапиравераман, - донга тўйиб олган хўрозчадек кекирдагини чўзди ўғли. – Унда эшитинг - аламимдан ичдим.

-Шунақа дегин, нима бунчалик алам қилаётганини билсак бўладими?

- Билганингиз билан нима қила олардингиз? Яна ўша ҳалоллигу тўғри яшаш ҳақидаги маърузаларингизни ўқийсизми? Жонга тегиб кетди ҳаммаси.

- Шунақа дегин, унда қандай яшаш кераклигини сиз биларсиз? – Тоҳирнинг боши қизиб кетгандек бўлди ғазабдан.

- Сиз ҳалол яшаяпман деб ўзингизниям, бошқаларниям алдайсиз, аслида қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Сиз шу тарзда, шу қобиққа ўралиб яшашни биласиз, ҳаёт тарзингизни ўзгартиришга ҳоҳиш-истак йўқ сизда.

- Даданг билан тиллашма! – чинқириб юборди Муниса.

- Майли, индама, гапириб олсин, юраги зардобга тўлиб юрган экан бунинг, - хотинини четга тортди Тоҳир. – Қани давом этингчи, эшитайлик!

- Ҳа, юрагим зардобга тўлган, - отасига чақчайиб қаради Нодир. У энди маст одамга ўхшамас, гаплари ҳам бурро эди. – Ўртоқларимнинг ҳаммасини тагида иномарка машина, қўлида қимматбаҳо телефон, чўнтагида истаганча пул-ҳоҳласа доллар сочади.Фақат мен итнинг кейинги оёғи бўлиб юраман.

- Адашмасам сенга ҳам қўл телефон олиб бергандим, - пичинг аралаш ғазаб билан гапирди Тоҳир.

- Сиз шу матоҳни телефон деяпсизми?! – чўнтагидаги қўл телефонни олиб кроват устига отиб юборди Нодир. – Ахир, буни мактаб ўқувчиси ҳам олиб юрмайди ҳозир. Фақат ҳурматли ва қимматли Тоҳир Шокировичнинг ўғиллари кўтариб юрибди.

- Йигирма тўртга кириб шу уйга бир сўм олиб келдингми? – Тоҳир қўллари мушт бўлиб тугилаётганини ўзи ҳам сезди. – Қиммат телефон кўтариб юришни ҳоҳласанг, ўзинг ишлаб ол.

- Қачон қарасанг шу гап, доим шу нотация! Ҳозир ким маошига бирор нарса олаяпти?! Ҳамманинг қўшимча даромади бор. Номига бирор ишга кириб қўйишади, аслида даромадлари очиб қўйган дўконларидан, ресторанларидан, яна бошқа жойлардан келиб ётади. Фақат сизга ўхшаган битта-иккита одам қўлидан иш келмай ,"ҳалол яшаяпман” деб ўзларини алдаб юришади.

- Шунчалик ақлинг тошиб кетган экан, унда нега сен очмаяпсан ўша дўкону ресторанни, даромад келтирадиган ишни?

- Кулгимни қистаманг, дада! – Нодир отасига истеҳзо билан қаради. – Кичкинагина дўкон очиш учун ҳам сармоя керак, орқангдан қўллаб турадиган суянчиқ керак. Бошимдаги битимни сотиб очаманми дўконни? Кимга суянаман, сизгами?
Ўртага даҳшатли сукунат тушди. Бу сукунат ортида ундан ҳам даҳшатлироқ нимадир борлигини ҳар икки томон ҳам сезиб турарди. Жимликни яна Нодирнинг овози бузди.

- Ойим ҳадеб "уйлангин” деяверади. Уйлансам, хотинимни шу уйга олиб келишим керакми?

- Уйга нима қилибди?

- Товуқ катагидек икки хонани сиз уй деяпсизми? Уч киши зўрға кириб-чиқамизу, бошқаларга йўл бўлсин. Бошинг кирса, оёғинг бурилмайди. Охирги марта қачон таъмирланган бу уй. Ўн йилдан ҳам ошиб кетгандир. Уйдаги жиҳозларни қаранг, сал қаттиқроқ тегинса тўкилиб кетади. Умуман уйга бирор янги жиҳоз олганингизни эслай оласизми? Ҳаммаси одамларнинг эскиргандан кейин сотган нарсалари. Сиз одамлар қандай яшаётганини кўрганмисиз? Қасрларда, саройдек ҳовлиларда яшашади, йилига икки марта чет элларда оилавий дам олишади. Сиз бирор марта бирор санаторияда дам олганмисиз? Ёшингиз элликка кириб ҳам мана шу каталакда яшайсиз, умрингизнинг қолганини ҳам шу ерда ўтказасиз. Мен ... мен сиздан уяламан, дада!

Ҳамма даҳшат билан кутаётган "ўқ” отилди. Отилиши ҳамон ота томондан қўлланган мушт зарбидан ўғил қалқиб кетди.

- Йўқол, йўқол кўзимдан! – Тоҳир ўғлининг устига бостириб борди. Хотининг чинқириб қўлига тирмашиши уни яна бир зарб туширишдан сақлаб қолди.

- Кетаман, сиз айтмасангиз ҳам кетаман! – энди Нодирнинг овози яна баланд чиқди. – Бу уйда фақат ойимни деб яшаб юрибман. Сиз ойимни ҳам хор қилгансиз. Бирор марта тузукроқ даволатмагансиз, тузукроқ дўхтирга кўрсатмагансиз. Чунки пулидан қочгансиз.

- Йўқол! – Тоҳир бу сўзни бақириб айтдими ёки паст овозда айтдими – ўзи ҳам англай олмади. Англагани- эшик зарб билан очилиб ёпилди. Ўзига келганда Муниса деворга суяниб ўтирганча оғир- оғир нафас оларди. Хотинини суяб ўрнига ётқизди, қутичадан дорисини топиб ичирди. Муниса-ни ухлаб қолган деб ўйлаб секин ўрнидан қўзғалмоқчи эди, аёлнинг нимжон бармоқлари эрининг қўларини ушлаб қолди.

- Дадаси, Нодиржондан хафа бўлманг, нима деяётганини ўзиям бимайди. Маст одамни биласизку. Мана кўрасиз, эртага ўзига келгандан кейин пушаймон бўлади, албатта кечирим сўрайди, - Муниса кўзлари юмуқ ҳолда гапираркан, киприклари орасидан тўкилаётган ёшни тўхтатолмасди. Шўрлик аёл ўзи бир аҳволда ётибдию, шунда ҳам боласини ўйлайди.

- Сен тинчлан, кейин гаплашамиз, ҳозир дам ол, - Тоҳир хотининг сочларини силади.

- Овқат тайёр эди, овқатланиб олинг, - деди аёл ҳиқиллаб.

- "Ё раббим, нега аёлни бунчалар мушфиқ қилиб яратдинг? Ҳозиргина икки эркакдан жабр тортиб тўшакда ётибдию, яна ўшаларнинг ғамини ейди-я! Муниса, азизам, биз шунга муносибмизми?” Тоҳир йиғисини яшириш учун ошхона томон юрди. Ошхонадан куйинди ҳиди келарди. "Бугун палов дамла, кечқурун ўғлинг келса бир ошхўрлик қилайлик” деб Мунисага ош буюртирганди. Қозоннинг қопқоғини очиб қаради. Дамланган паловнинг ярми тагига олибди. Афтидан, хотини ош дамлаб қўйгану, ота-боланинг можароси сабаб ёдидан кўтарилган. Бошқа пайт бўлганда Тоҳирнинг увол бўлган масаллиқларга ичи ачиган бўларди. Ҳозир эса маъносиз кўзлари қозон ичига тикилиб қолди. – "Одам куйиб кетаяптию, бунинг куйгани нима?..” Қозон тагидаги оловни ўчириб, сигарет тутатганча айвонга чиқди. Дераза ортида ҳаёт қайнарди. Ҳамма қаергадир шошарди. Ана, ёшгина йигит ўғилчасининг қўлларидан етаклаб келаяпти. Бола чарчаган шекилли, хархаша қилиб йиғлайверди. Йигит ўғилчасини даст кўтарди-да , бўйнидан маҳкам қучоқлаб олган митти қўлчаларини ўпиб қўйди. "Қизиқ, вақти келиб шу бола ҳам катта бўлгач, отасига "сиздан уяламан” деб айтармикан?” Тоҳирнинг юрагида санчиқ турди, назарида ҳаво етишмаётгандек бўлди. Кўзларини юмиб, чуқур-чуқур нафас олди. Хаёлан хотини билан гаплашарди.

"Муниса, азизам, сен жонингни, умрингни гаровга қўйиб, дунёга келтирган фарзанд бугун отасидан ор қилади. Бундан ортиқ жазо борми ота учун. Бир умр шу бола учун куйиб ёнсангу оладиган мукофотинг шу бўлса. Ахир, ҳеч кимдан кам қилиб ўстирмадик-ку. Ё тарбиялашда адашдикми? Хаёл уни яна олис йўлларга олиб кетди.

... "Менга фарзанд керак эмас, мен шундоқ ҳам бахтлиман”, деди Тоҳир онасининг навбатдаги кўз ёшлару дийдиёларидан кейин. Муниса билан турмуш қурганларига икки йилдан ошиб қолганди ўшанда.

- Мен сени шу умидда катта қилганмидим? – зорланди онаси. – Тўрт қиздан кейин тилаб олган ўғлим бепушт ўтадими, авлодимиз шу билан тугайдими энди? Бундан кўра ўлдириб қўя қолганинг яхши эмасми?

Онанинг зор-зори қўшни хонадаги Мунисага ҳам эшитилиб турарди. У ҳам қайнонасидан кам эзилмас, тоғдек бир йигитнинг бахти кемтик эканига ўзини айбдор санарди. Келин бўлиб шу хонадонга келибдики, ҳали бирор марта очилиб кулганини ҳеч ким кўрмади. Гўё ижара уйда яшаётгандек ўзини омонат сезар, эрта-индин бу хонадондан чиқиб кетадигандек туюлаверади.

Кечқурун ҳамма уйқуга ётди ҳамки, Муниса ётоғига кирмади. Идиш-товоқ баҳона алламаҳалгача ошхонада куймаланиб юрди. Аслида, эридан кўз ёшларини яшириш учун шундай қилаётганини Тоҳир билиб-сезиб ётарди. Тун ярмидан оққанда секин кириб ўрнига чўзилди. Тоҳир хотини томон ўгирилиб, уни бағрига олди.

- Йиғладингми, жоним? – Мунисадан жавоб бўлмади. – Қўй, йиғлама, ўтиб кетади ҳаммаси. Ойим ҳам кўникадилар, мана кўрасан. Кўчадаги бир иккита ғийбатчи аёлларнинг гапи алам қилиб шундай дедилар-да, аслида сени яхши кўрадилар.

Муниса индамади. Анча вақтдан кейин кўзларини узоқларга тикканча:

- Тоҳир ака, мен розиман, уйланинг, менинг жавобимни беринг, кетай, - деди. Энди Тоҳирнинг ростакамига жаҳли чиқди:

- Нима деяётганингни биласанми? Мен сенга ҳаммасини билиб уйланганман. Бу гапингни бошқа эшитмай.

- Ойим тўғри айтяптилар, - деди Муниса сокин овозда.- Сизнинг фарзандингиз авлодингизни давомчиси бўлади. Ҳозир ёшликда билинмайди, ёшингиз ўтган сайин фарзандсизлик қийнайди, пушаймон бўласиз.

- Мен бошқа аёлга уйланишниям, бола кўришниям истамайман. Фарзандли бўлишни ҳоҳлаганимда ҳам унинг онаси сен бўлардинг. Бўлди, бу ҳақда бошқа гапирма, эшитишниям истамайман.

Шу билан бу мавзуга нуқта қўйилгандек эди гўё. Орадан икки ҳафта ўтиб, Тоҳирнинг синфдош дўсти тўйга таклиф қилиб кетди. Ўғилчасига суннат қилаётган экан. Тоҳир тўйдан ширакайф ҳолда қайтди. Муниса эрига ечинишга ёрдам бераркан сўради.

- Тўй яхши ўтдими?

- Яхши ҳам гапми, зўр ўтди, - деди Тоҳир. – Ўзиям дастурхонда дунёдаги бор ноз-неъматни тўкиб ташлабди. Энг номдор артистлар хизматда. Айниқса, тўйболани отаси даврага кўтариб чиққанда ҳамманинг ҳаваси келди. Бола қуйиб-қуйгандаек отасининг ўзи экан.

Муниса эрининг кўзларига қаради. Қаршисидаги кўзларда таърифлаб бўлмас ҳавас ва шу билан бирга изтиробни кўрди. Ниманидир баҳона қилиб ташқарига чиқиб кетди...

Кунлар қувлашмачоқ ўйнагандек бирин-кетин ўтар, бу хонадонда ҳам ҳаёт давом этарди. Ҳамма нарса ўз ўрнида, фақат Мунисагина ўзгарган. Энди у тез-тез кулар, кундан-кунга тўлишиб, очилиб борарди. Илгарилари иштаҳам йўқ деб овқатдан бош тортадиган жувон тез-тез очқайдиган, уззукун уйқудан бош кўтармайдиган бўлиб қолди. "Иштаҳа дори ичгандим, ўшанинг таъсири бўлса керак” дерди "тўлишиб қолибсиз” деганларга. Аёллар поликлиникасидан бўлган қўнғироқ буларнинг ҳаммасига аниқлик киритди. Жиринглаётган телефон гўшагини кўтарган онаси Тоҳирни бир аёл телефонга чақираётганини айтди.

- Тоҳиржон, безовта қилганим учун узр, сиз билан гаплашиб олишим керак, - шундай дея аёл исми Мастура Турсуновна эканини, эртага аёллар поликлиникасида кутишини айтиб, гўшакни қўйди. Тоҳир ҳеч нарсага тушунмади.

Мастура Турсуновна деганлари ёши элликдан ошиб қолган шифокор экан.

- Тоҳиржон, сизни муҳим бир масалада чақиртирдим. Гап хотинингизнинг ҳаёти устида боряпти. Хотинингизнинг касалидан хабарингиз бўлса керак. Бундай беморларга туғиш умуман маън қилинади. Шуни била туриб, фарзандли бўлишга қарор қилганларингиз ғалати.

Тоҳир қулоқларига ишонмади, Бу аёл уни ким биландир адаштираётганга ўхшайди.

- Кечирасиз опа, гапларингизга тушунмадим. Лекин менинг хотиним ҳомиладор эмас. Менимча, сиз, адашдингиз...

- Муниса Собирова сизнинг хотинингизми? – кўзойнак остидан ғалати қараш қилди аёл. – Олчазор кўчаси, 32-уйда яшайди.

- Тўғри, исм-шарифи, манзили шундай, лекин хотиним ҳомиладор эмас.

- Ука, хотинингизнинг тўрт ойлик ҳомиласи бор, аёлингиз туғмоқчи. Лекин бу ҳаёт учун хафли. Доимо врач назоратида бўлиши керак. Ўшанда ҳам ҳеч нарсага кафолат бераолмаймиз. Бу ёғи ёлғиз худодан...

Тоҳир шифокорнинг ҳузуридан карахт ҳолда чиқди. Уйга қандай кириб келганини ҳам билмайди.

- Вой, сизга нима бўлди, рангингиз оқариб кетибди? – эрининг олдига чиққан Муниса сўради.

- Нега бундай қилдинг? – алам билан сўради Тоҳир.

- Нима қилибман? – ҳайронлиги ошди хотинининг.

- Нега менга ҳомиладорлигингни айтмадинг?

Мунисанинг кўзлари ёшга тўлди, бошини эгди.

- Мен ҳам фарзанд кўришни, она бўлишни истайман, Тоҳир ака!

Тоҳир Мунисани бағрига босди, аёлнинг кўзидан томаётган иссиқ ёш унинг бағрини куйдириб ўтди. Айни дамда йигит на қувонишини, на йиғлашини билмасди.

Янги меҳмон ҳақидаги хабар Тоҳирнинг онаси учун кутилмаган мужда бўлди. Кечагина келинини ҳайдашга тайёр қайнона энди Мунисанинг бошида кечаю-кундуз парвона. Ҳар куни бозорга қатнаб, келини учун энг тансиқ нарсаларни келтиради, қўлини совуқ сувга урдирмайди.

Кўз тегмасин, деб кийимларига кўз туморлар осиб ташлаган, кунда уч марталаб исириқ тутатиб, атрофидан айлантиради. Ҳамма хурсанд, фақат Тоҳирнинггина ичини ит тирнайди. Ҳомила катталашиб, ўзини билдира бошлагани сайин уни ваҳима босарди. "Худо кўрсатмасин, агар мен қўрққан нарса рўй берса нима бўлади,” деб ўйларди у. Ахир, ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетади-ку. Мунисасиз ҳаёт ҳаётми? Агар, Муниса бўлмаса туғиладиган бола ҳам кўзимга кўринмайди. Эй, Худо, Мунисамни ўзинг асра, фақат ўзингдан сўрайман”.

Тоҳирнинг хавотири ўринли эди. Тўлғоқ бошланиб Мунисани туғруқ хонасига олиб кириб кетишганига кўп вақт бўлмай атрофда шифокорларниг югур-югури бошланиб кетди.Тоҳир тамоман гангиб қолди.

-Тезда анестезиологни чақиринглар, операцияга оламиз,- деди шифокор ҳамширага.

- Дўхтир, хотинимнинг аҳволи қандай?- сўради Тоҳир минг бир хавотир билан.

- Ҳаммасини операция ҳал қилади. Лекин билинг, дўхтирлар Худо эмас, биз қўлимиздан келганини қиламиз, - жавоб қисқа бўлди.

Тоҳир бошини чангаллаб қолди. Тўрт соатдан ортиқ давом этган операцияда ҳаёт билан ўлим олишуви борарди.

- Ука, бошингизни кўтаринг, онани ҳам, болани ҳам сақлаб қолдик, - деган гапни эшитганда Тоҳир бор овозича ўкириб йиғлаб юборди.

Муолажалардан кейин Муниса ўзига келиб қолди. У кун бўйи бағрида пишиллаб ухлаб ётган чақалоғига қараб тўймас, энг чиройли исмларни раво кўрарди боласига. Чақалоққа Нодир деб исм беришди. Она- болани уйга олиб чиқишаётганда шифокор Тоҳирни хонасига чақириб, тайинлади: "Хотинингиз мўъжиза билан омон қолди. Агар яна фарзанд кўрса юраги бардош беролмайди. Хотинингизни юрагига гўё бомба қўйилган, ҳар соат, ҳар дақиқада портлаб кетиши мумкин, ўзини авайласин.”

Чақалоқ хонадонга қувонч олиб кирди. Ҳамма гўдак атрофида парвона. Ота-она бири олиб, бири қўйиб фарзандини суяди. Тоҳир шу пайтгача билмаган, ҳис билмаган оталик бахтини туйди.

- Сен менинг фариштамсан, - деди у хотинининг сочларини силаб. – Жонингни гаровга қўйиб менга фарзанд туғиб бердинг. Сени бир умр қўлимда кўтариб юраман.

Тоҳир нафақат хотинини, унга қўшиб ўғлини ҳам бир умр қўлида кўтариб юрди. Нодир бола бўлиб, бирор марта ота-онасидан дакки эшитмади, таомлару кийим кечакларнинг олди уники бўлди. Боласининг орзусини рўёбга чиқариш учун ота жонидан кечишга-да тайёр эди. Хотини: "Болани жуда талтайтириб қўймаяпмизми, дадаси, эрта-индин бошимизга чиқиб олмасин тағин” деганда, "Қўявер, ўзи биттаю битта ўғлим бўлса, топган-тутганим шуники-да” дерди. Бола улғайган сайин эркаликлари хархашага айланиб борар, бу хонаданда ўзининг сўзини ўтказадиган мутлоқ хокимга айланиб борарди. Мактабни битиргач, бирор ўқишга ҳам кира олмади. Ўқишга кира олмаганини билган куни уйга биринчи марта ичиб келди.

- Аламимдан ичдим, - деганди ўшанда ҳам. Ҳамма ўртоқларимнинг отаси пул билан жойлаштириб қўйди, фақат мен улардан ажралиб қолдим.

- Ўғлим, ўқишнинг эрта-кечи йўқ, келаси йил кирасан насиб бўлса, - деганда Нодир отасини силтаб ташлади:

- Овутишга уринманг, сиз қуруқ маошингиз билан бир умр ўқиттира олмайсиз мени.

Ўшанда Тоҳир ўғлининг гапларини кўнглига олмаган, мастликда айтди-қўйди, деб эътибор қилмаганди. Мана, ўшанда алам уруғидан кўкариб чиққан ғазаб дарахти йиллар оша нафрат мевасини солибди. Бугун Тоҳир ўша меванинг аччиқ, тахир таъмини ҳис қилди.

Ҳа, у ҳалол яшади. Эллик йиллик умри давомида ҳеч кимнинг молига кўз олайтирмади. Ҳаром- хариш йўллар билан бойлик орттирмади. Ўзининг ва хотининг ойлик маошига мана шу икки хонали уйни олишди, кучлари етганча жиҳозлашди. Бировдан олдин, бировдан кейин деганларидек ,кунлари ўтиб турибди. Ахир атрофда минглаб, миллионлаб одамлар шу тарзда яшайди, наҳотки, уларнинг фарзандлари ҳам оталаридан ор қилишса. Беш қўл баробар эмас, ҳамманинг ҳам қасрдек уйлар қуришга, қўша-қўша машина сотиб олишга қурби етмайди-ку.

Ўғли бир нарсада ҳақ эди. У ростдан ҳам Мунисанинг қадрига ета олмади. Биргаликда шунча йил яшабдилару, бирор маротоба хотинини санаторийларда даволатмабди. Ваҳоланки, Муниса учун доимий муолажа зарур эди. Мунисанинг ўзи ҳам "қўйинг керакмас, шундоқ ҳам яхшиман, ахир санаторийда даволанишга озмунча пул керакми”, дерди. Энди билса, аёл эрининг қийналиб қолишини истамаган экан. Тоҳирнинг ўзи ҳам шунга кўникди. Муниса юрагидан азобланиб, ухлай олмай чиққан кечаларида, ҳам "ўтиб кетади, доим шундай бўлади-ку” деб эътибор ҳам бермади. Бечора аёл, ўшанда қанчалар қийналмасин, бирор оғиз "миқ” этгани йўқ. Жон оғриғини жонидан ўтган билади, танаси бошқа одам бу дардни қаердан ҳам билсин. Унинг бу ношудлигини Муниса кечирармикин.

Эшик ғийқиллаб очилиб-ёпилди. Ўғли қайтиб келди, шекилли. Тоҳир оғир "уф” тортди. Ўзини овутиш учун атрофида сочилиб ётган газетага қўл чўзди. Кўзлари сатрларга маъносиз тикилди. Газетадаги сўзлар ва ўғлининг нафратомуз гаплари унинг миясини пармаларди: "Донор юрак керак...” "Сиздан уяламан, дада!” "Зудлик билан ...” "Сиз ойимни хор қилгансиз...”

Кечаги уйқу дори қаттиқ таъсир қилган экан. Муниса ланж бўлиб уйғонди. Елкасида кўтариб юргани гўё ўзининг эмас, бировнинг бошидек. Юраги ҳам кучли шамол учириб кетишидан қўрқиб ҳилпираб турган япроқ мисол титраб турарди. Ёнига кўз ташлади, йўқ эри ётмабди, ўрни теп-текис. Айвонда бўлса керак. Аёл эрига айтажак гапларни ўйлаб айвонга чиқди. Йўқ, бу ерда ҳам кўринмайди. Ёки ота-бола у ухлаб қолганда ярашиб бир хонада ётиб қолишдимикан? Ўғлининг хонасига кўз ташлади. Нодир ечинмасдан чалқанча тушганча ётар, шу топда биров қулоғини кесиб олса ҳам билмасди. Нонга чиққан бўлса керак, деган ўй ўтди Мунисадан. Эри эрталаб иссиққина нон билан қаймоқ ейишни яхши кўрарди.

Орадан икки соат ўтди ҳамки, Тоҳирдан дарак бўлмади. Энди Муниса ростакамига хавотир ола бошлади. Эрининг ишхонасига қўнғироқ қилиб телефонга чақириб беришларини сўради. "Бугун ишга келганлари йўқ. Ўзимиз ҳам эндигина қўнғироқ қилиб сўрамоқчи эдик. Бошлиқ тезда топинглар деяптилар”, деган жавобни эшитди. Тушлик пайтигача ҳамма қариндош уруғлару дўст биродорларга қўнғироқ қилди. Аммо, Тоҳир ҳеч кимникига бормаган. Тавба, кап-катта одам йўқолиб қолсаю, ҳеч ким уни кўрмаса. Ҳатто милициянинг аралашуви ҳам ҳеч қандай наф бермади. Тоҳир кўкка учдими, ерга кирдими – номаълум.

Орадан икки ҳафта вақт ўтди. Таҳликаю-хавотир, умид ва интизорлик билан ўтган бу вақт ичида Мунисани кўрганлар умуман таний олмай қолишди. Аёл озиб, қоп-қорайиб кетган, кўзлари ич-ичига ботган. Юраги куйган одамгина шу ҳолга тушади. Ўн беш кундан буён уйқу кўрмаган аёлнинг кўзи тонгга яқин илинди. Туш кўрибди. Тушида эри бошдан-оёқ оппоқ кийимда кулиб турганмиш.

- Қаерларда эдингиз, дадаси, сиздан роса хавотир олдик? – дермиш Муниса. Тоҳир хотинига оппоқ тугунчага тугилган бир нимани узатиб:

- Бу сизларга, - деб ортига бурилиб кетиб қолганмиш.

- Тўхтанг, дадаси, мен ҳам сиз билан кетаман, - деб эрининг орқасидан югурармиш хотини. "Тўхтанг, тўхтанг!” – деганча алаҳсираб уйғониб кетди аёл. Қора терга ботиб кетибди. Атроф жим-жит, бағрига минг-минглаб одамларни олган катта шаҳар эринибгина уйғонаяпти. Муаззиннинг тонгги ибодатга чорлаётган овози элас-элас эшитилди. Муниса ўрнидан тураётиб, бугун ўғлининг туғилган куни эканлиги ёдига тушди. "Дадаси бекорга тушимга кирмади, бугун Нодиржоннинг туғилган кунига келса керак”, деган хаёл унинг фикрини ёриштириб юборди. Тезгина ювиниб, нонушта тайёрлашга киришди. Эри узоқроқ командировкага кетганда уйга тонг саҳарда кириб келарди.

- "Тақ-тақ-тақ, эшикни очинглар, Қорбобо келди”, - дерди қувноқлик билан. Нодир югуриб чиқарди-да, отасини қучоқлаб оларди. Бугун ҳам шундай бўлади. Мунисанинг юраги орзиқиб кетди. Бироз вақтдан кейин чиндан ҳам эшик қўнғироғи чалинди. Муниса ўрнидан сапчиб туриб, ўзини эшикка отди.

- Дадаси, сизмисиз?! – Очилган эшик ортида эрини эмас, бегона кишини кўриб, унинг кўзларидаги қувонч ҳайратга ўрнини бўшатиб берди. Узун яктак-чопон кийган, бошида ҳожилик дўпписи ярашиқлик етмиш ёшлардаги кишининг юзидан нур ёғилиб турарди.

- Эрта тонгдан сизларни безовта қилганим учун узр, қизим, - деди отахон. – Тоҳиржоннинг уйлари шуми?

- Ҳа, шу, - деди Муниса ҳайронлиги ошиб. – Лекин ўзлари уйда йўқ эдилар.

- Биламан, қизим, биламан, мен Тоҳиржоннинг илтимослари билан келдим хонадонингизга, - деди отахон соқолини сийпалаб.

- Вой, сизни у киши юбордиларми, киринг ичкарига, отахон! – Муниса чолни ичкарига бошларкан, сабрсизлик билан сўради: - Ўзлари нега келмадилар ё тоблари йўқми? Қачон келарканлар, сизга айтдиларми?

Отахон аёл кўрсатган ўтирган жойга ўтириб, қўлларини дуога очди, бу хонадонга хайру барокат сўраб дуо қилди. Сўнг Мунисага юзланиб салмоқ билан сўз бошлади:

- Аслида мусулмончиликда эркаги йўқ уйга бошқа бир эркакнинг кириши мумкин эмас, аммо вазият тақозо этгани сабаб хонадонингизга кирдим.

- Вой, отахон, нега эркак бўлмасин, нариги уйда ўғлим ухлаб ётибди, - деди Муниса. "Кеча ичиб келганди, бошини ёстиқдан кўтаролмайди”, дея олмади. Аслида, ҳозир аёл учун бу муҳим эмас, муҳими - отахон эридан хабар келтирган. У умид тўла нигоҳини отахонга қаратди.

- Аввало, ўзимни таништирай. Мен шу тумандаги мачитнинг қоровули бўламан. Зиёдулло ҳожи дейишади мени. Уйим мачитнинг нақ биқинида. Қирқ йилдирки, Оллоҳнинг уйида ризқу-насиба териб юрибмиз. Завжингиз Тоҳиржон ҳам шу даргоҳда менга бир омонат топшириб, сизларга етказишимни илтимос қилдилар.

Муниса "завжингиз” деган сўзни тушунмадию, аммо гапнинг маъносидан "эрингиз” демоқчилигини англади. Шошиб сўради:

- Хўжайиним соғ-омонмилар? Нега ўзлари келмадилар, қачон келишларини айтдиларми? Сиз билан қачон гаплашгандилар?

- Тоҳиржон бундан ўн кун олдин мачитимизга келгандилар, - хотиржамлик билан жавоб берди Зиёдулло ҳожи. – Хуфтон намози пайти эди. Мачитда уч-тўрт кишидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Хасмингиз киришга ижозат сўрадилар, ибодат қилишга келганлардан деб ўйлаб ичкарига бошладим. Бир оз муддат иккиланиб турдилар-да, сўнг:

- Отахон, мен ҳам ибодат қилмоқчи эдим. Лекин шу ёшга етиб бирор марта саждага бошим эгилгани йўқ, - деб кўзларига ёш олдилар.

- Ўкинманг, ўғлим, ҳамонки ибодатни ният қилибсизми, демак Аллоҳим ўзи қалбингизни очибди. Оятларни ёддан билмасангиз ҳам намозхонларга қўшилиб амалларни бажаринг, - дедим. Таҳорат олишни ўрганиб, сўнг бизга қўшилиб намоз ўқидилар. Намоздан сўнг ҳамма кетса ҳамки, ўрниларидан қўзғалмадилар.

- Отахон рухсат берсангиз шу кеча шу ерда қолиб, суҳбатингизни олсам, - дедилар. Суҳбат асносида исмлари Тоҳир эканини, шу шаҳарда яшашини билдим.

- Вазият тақозо қилиб ўз уйимга бора олмаяпман, - дедилар хўрсиниб. Бомдод намозида ҳам намозхонлар сафига қўшилдилар. Ибодатдан сўнг қўйнинларидан бир конверт чиқариб менга узатдиларда:

- Отахон, сиздан илтимос, яна ўн кундан сўнг мана шуни ўғлим Нодиржонга бериб қўйсангиз. Бу сизга омонат, деб айтдилар.

- Ўғлим, ўзингиз шу ерда яшасангиз, менинг боришимга на ҳожат? – дедим.

- Узоқ сафарга отланганман, оиламдагилар буни билишмайди. Мен буни уларнинг хотиржам, бахтли яшашлари учун қиляпман. Отахон, илтимосни ерда қолдирманг. Фақат ўн кундан кейин олиб борсангиз, дедилар, Отахон чуқур тин олди-да:

- Қизим, ўғлингизни чақирсангиз, омонатни ўз қўлларига топширсам. Тоҳиржон ўғлимнинг ўз қўлларига беринг, деб қайта-қайта тайинлаган эдилар.

Мунисанинг рост гапни айтишдан ўзга иложи қолмаганди. Минг бир хижолат билан деди:

- Кечирасиз, отахон, ўғлим кеча ўртоқлари билан озгина ичган экан, ярим кечаси келган эди уйга. Ҳозир уйғотсам ҳам фойдаси бўлмаса керак. Конвертни менга берсангиз ҳам бўлаверади, ахир онасиман-ку.

- Шундайми, - отахон "аттанг” дегандек бош чайқади. – Майли, нимаям қилардик. Унда ўзингиз бериб қўярсиз ўғлингизга, деди-да, қўйнидан конверт чиқарди. Муниса шоша пиша конвертга қўл узатиб, кўз ташлади. Ростдан ҳам эрининг дасхати билан уйнинг манзили ёзилган эди. Аммо ўзининг манзили ёзилмаганди.

- Энди менга рухсат берсангиз, - ўрнидан қўзғалди Зиёдулло ҳожи. Шундагина Муниса меҳмонга дастурхон ёзмагани эсига келди.

-Отахон узр, шошганимдан сизга дастурхон ёзмабман ҳам. Чой тайёр, ичиб кетинг, - манзират қилди у.

- Хижолат бўлманг қизим. Аллоҳ умрингизга, оилангизга, шу хонадонга барака берсин, деб дуо қилди-да, сўнг эшик томон йўналди. Меҳмонни кузатиб келган Муниса уйга кирган заҳоти конвертни қўлга олди. Ўғлининг ўйғонишини кутиб ўтиришга тоқати йўқ эди унинг. Қолаверса, эрининг ундан яширадиган қандай сири бўлиши мумкин? Шошиб конвертни очди. Икки букланган қоғоз ичидан оқ қоғоз пастга тушди. Муниса тушган бир парча қоғозни қўлига олиб кўз югиртирди. Нодирнинг номига ёзилган қоғоз чек бўлиб, унда бир неча тўққиз хонали рақамлар битилганди. Бунча миқдордаги пулни Муниса етти ухлаб тушида ҳам кўрмаганди. Ҳайронлиги ошиб, хатни ўқишга киришди.

"Кўзимнинг оқу-қораси, фарзандим Нодиржон! – деб бошланарди мактуб. – Соғлигинг жойидами? Ойинг қандай, унинг соғлиги яхшими?

Ўғлим, бу хат қўлингга бориб етганда мен узоқ, жуда узоқ сафарга отланган бўламан. Кетиш олдидан сенга айтадиган бар-икки оғиз сўзим бор.

Сен ичиб келган куни иккаламиз тортишиб қолдик. Бунақа тортишувлар ҳар бир оилада бўлиши мумкин. Аммо сенинг бир оғиз сўзинг мени ўлдирди, ўғлим. "Сиздан уяламан, дада!” дединг. Йигирма тўрт йил бағрингга босиб ўстирган ўғлингдан бу сўзни эшитиш ота учун қанчалар оғир эканини билсанг эди. Вақти келиб уйланиб, бола-чақали бўлганингда менинг сўзларимни англайсан.

Ўша кунги жанжалдан кейин мен тонггача ухлай олмадим.Ҳаётимни бирма-бир кўз ўнгимдан ўтказдим. Сен аччиқ гапларинг билан менинг кўзимни очиб қўйдинг, ўғлим. Ҳа, мен ростдан ҳам бир хил ҳаёт тарзига ўрганиб қолган эканман. Шу қобиққа ўралиб яшайверибман, уни ўзгартириш фикри бўлмабди ҳеч.Ўзларини ўтга-чўққа уриб яшайдиган одамларни кўрганда: "буларга нима етишмас экан, ахир ҳаёт ўтиб боряпти-ку” деб ўйлардим.

Мен ойингнинг қадрига ета олмадим. У бебаҳо аёл. Бу ҳаётда ойинг мен ва сен учун яшайди. Касаллиги учун у ўзини гуноҳкордек сезарди.Аёл бўлиб фалон кийимни олиб беринг , фалон тақинчоқни таққим келяпти, деб айтганини эслай олмайман.

Бир умр борига қаноат қилди. Ўтган йили сен ўртоқларинг билан кўчадан ўтаётган бир йигитни уриб милицияга тушганингда ойинг онасидан ёдгорлик бўлиб қолган бир жуфт сирғаси ва узугини сотган , сени қўтқариб қолиш учун сарфлаганди. Агар дунёга қайта-қайта келиш имкони бўлганда мен яна ва яна ойингга уйланган бўлардим.

Мен машина, ҳовли жой қилишга уриниб ҳам кўрмадим. Бошинг тепасида томинг бўлса, шунинг ўзи етарли, деб ўйлаган эканман.

Дунёда тасодифлар кўп. Тасодифлар туфайли одамларнинг ҳаёти бутунлай ўзгариб кетиши мумкин, дарё оқимни ўзгартиргани каби. Сен уйга кириб келишингдан бир соат олдин мен газета ўқиётган эдим. Газетада бир эълонга кўзим тушди. "Донор юрак керак. Зудлик билан” деб лўнда ёзиб қўйилган. Ўша пайтда "ким ҳам ўзининг ширин жонидан кечиб юрагини бировга беради?” деб ўйлагандим. Аммо яна бир неча соатдан кейин ўша донор мен бўлишга қарор қилишимни ким ҳам ўйлабди, дейсан.

Тонг саҳарда уйдан чиқиб кетдим. Кетиш олдидан ойинг ва сени охирги марта кўрмоқчи бўлдим. Ойинг беозоргина ухлаб ётибди, ҳатто уйқусида ҳам ёш боладек беғубор. Сенинг юзингни кўролмадим, ўғлим, чунки юзингни ёстиққа ботириб ётган экансан. "Сиздан уяламан, дада!” деб айтган пайтингдаги юз ифоданг қолиб кетди хотирамда.

Мен эълон бўйича телефон қилдим. Телефонда мен билан гаплашган киши учрашув жойини белгилади. Келишган жойда учрашдик. Ёши тахминан сен билан тенг бўлган йигит экан, тагида мен номини билмайдиган машина. "Бафуржа гаплашиб олсак” деб уйига олиб борди.Агар бошқа пайт кўчадан ўтиб кетаётиб бу бинога кўзим тушса мен буни мактаб ёки боғча бўлса керак деб ўйлаган бўлардим. Баланд иморатлар қуриб ташланган ҳовлининг бошдан охири кўринмайди. Бир нечта хизматкор иш билан банд. Йигитнинг ортидан кириб борарканман, хоналардаги жиҳозларни кўриб "туш кўраяпманми, ахир бунақа нарсалар фақат подшо саройларида бўлади” деб ўйладим. Ўтириб суҳбатлашдик.

- Эълонни мен бергандим, - деди йигит. – Тўғрисини айтсам, бирор киши эълон бўйича қўнғироқ қилишига ишонмаган эдим. Чунки бу эълонни уч ойдан буён тинимсиз бераман, шу пайтгача ҳеч ким келмаганди. Сиз биринчисиз.

Донор юрак дадам учун керак. У киши ҳозир номдор чет эл клиникасида ётибдилар, ҳаёт шамлари кундан – кунга сўниб боряпти. Агар у киши вафот этсалар, мен ўзимни кечиролмайман. Дадам биз учун соғликларидан кечиб ҳамма нарсани қилиб бердилар. Бундан ўн йил олдин мана шу сиз кўриб турган ҳовли пастқамгина, деворлари тўкилиб турай деган уч хонали уйдан иборат эди. Дадам шофёрлик маоши билан биз тўрт фарзандни боқардилар. Ҳеч кутилмаганда онам бетоб бўлиб қолдилар. Дадам ойимни кўрсатмаган табибу дўхтирлари қолмади, имкон етгунча даволатдилар. Аммо дард кундан-кунга зўрайиб борарди. Шифокорлар бундай дарддан фақат операция қутқариши мумкинлигини айтишди. Ўша пайтларда бундай операция Ўзбекистонда қилинмас экан. Бошқа давлатда операция қилиш учун катта маблағ зарур эди. Аммо жўжабирдай жонни шофёрлик маоши билан боқаётган одамда бундай маблағ қаердан ҳам бўлсин. Хуллас, иложсизлик туфайли ойимни бериб қўйдик. Ўшанда мен эндигина 16 да, кичик синглим эса беш ёшда эди. Онамизнинг ўлими дадамга қаттиқ таъсир қилди. Ночор бўлмаганимда тўрт болам етим бўлиб қолмасди, деб йиғлардилар. Онамнинг қирқларидан кейин дадам бизларни бувимизга ташлаб, ўзлари Кореяга ишлаш учун кетдилар.

Уч йил давомида у кишидан на хат, на хабар олдик. Ана шу вақт мобайнида мен ҳам мактабда ўқиб, ҳам ишлаб рўзғорни бир амаллаб юритиб турдим. Мактабни тугатгач ҳам ишладим. Уч йил ўтиб дадам қайтиб келдилар. Бечора дадажоним, мусофирлик уларни эзиб ташлабди. Лекин яхшигина пул ишлаб келибдилар. Ишлаб топган маблағларидан бир қисмини олиб қолиб, қолганига дўкон сотиб олдилар. Аста-секин ишлар ривожлана бошлади. Бир йил деганда дўкондан келган фойдага яна бир каттароқ дўкон қурдирдилар. Рўзғоримизга барака кирган эди. Хуллас, ўн йил давомида битта дўкондан бошланган иш кенгайиб кетди. Тўрт фарзанд бўлсак, шаҳарнинг тўрт четидан ҳар биримизнинг ўз супермаркетимиз, мана шу сиз кўриб тургандек уйимиз бор. Чет эллар билан тўғридан тўғри савдо қиламиз.

Хайр-саховатни ҳам ёддан чиқармаймиз. Хуллас қўлимизни қаерга узатсак етади. Аммо бир нарсада ожизмиз. Дадамиз тўсатдан касал бўлиб қолдилар. Аслида дардлари чет элда ишлаб юрганлаида бошланган экан. Аммо дадам ўзларини қаратмаганлар, кўпроқ пул топсам болаларим ночорлик нималигини билмай ўтишади, деб ишлаб юраверганлар. Мана энди бугунга келиб дард уларни енгиб қўйди. Докторлар "донор юрак қўйилса, яна узоқ йил яшайдилар” деб айтишди. Дадам ётган клиникада одамлар йиллар давомида ўзларига тўғри келадиган донор юракни кутиб ётишаркан. Аммо бизнинг кутишга вақтимиз йўқ, ҳар бир ўтган кун дадам учун хавфли, шу сабаб мен ҳам эьлон беришга мажбур бўлдим. Тўғрисини айтсам, унинг натижасига унчалик ишонганим ҳам йўқ, - деди йигит.

- Агар мен бу ишга рози бўлсам гонорари қанча бўлади? – деб сўрадим йигитдан.

- Биз ҳозир ҳар қандай шартга розимиз. Лекин бунинг учун аввало сиз бир қанча текширувлардан ўтишингиз керак. Текширувлар сизнинг юрагингиз дадамга тўғри келишини исботласа, шартнома имзолаймиз, - деди йигит.

Мен рози бўлдим. Ишонасанми, ўғлим, буларнинг ҳаммаси менинг ихтиёримдан ташқарида бўлаётганди. Қандайдир ички куч мени шундай қилишга ундаётганди. Мен ўзи тўқиган тўрга илашиб қолган ўргимчакка ўхшардим.

Шундай қилиб, биз текширувга бордик. Ўша чет эл клиникасининг филиали бизнинг шаҳарда ҳам бор экан. Буни қараки, текширув йигитнинг фойдасига ҳал бўлди, яьни менинг юрагим отасига тўғри келар экан. "Бундай юрак билан яна юз йил яшаши мумкин” деди доктор. Хуллас, биз шартнома имзоладик. Шартномага кўра, мен ўз ихтиёрим билан юрагимни беришга рози бўлдим, йигит эса мен айтган нархга кўнди. Менга чек ёзиб берди, тўғрироғи сенинг номингга. Бу пулларга сен ўзинг истаган машинани сотиб олишинг мумкин. Бу менинг сенга қилган энг сўнгги совғам бўлади. Қолган пулларга яхши ҳовли-жой, бирор дўкон ёки ресторан сотиб ол. Уйланиб, бола-чақа орттир. Ойингни асрагин, яна такрор ва такрор айтаман – ойинг бебаҳо аёл. Ойингни энг яхши шифохоналарда даволатгин. Аммо мен ҳақимда ойингга ҳеч нарса демагин. "Дадам Россияга ишлаш учун кетибдилар”, деб айтгин унга. Йўқса, юраги бардош бера олмайди.

Эртага мен йигит билан чет элга учиб кетаман. Ўша ерда жон талашиб ётган отасига менинг юрагим қўйилади. Аммо бир нарсани билиб қўй ўғлим: мен жисман йўқ бўлсам ҳам юрагим ўзга бир вужудда уриб туради. Ва ўша юракда ойингнинг ва сенинг исминг бўлади тоабад. Сизларни жуда яхши кўраман. Кўзларингдан сўнгги бор ўпиб қолувчи даданг”.

Мактуб шу ерда ниҳоясига етди. Қўлида эрининг сўнгги хати ва чекни ушлаб турган Муниса карахт эди. Бу карахтлик унинг вужудини, кўзларини эгаллаб олди, юрагида кучли бир оғриқ турди. Бир оғриқки, то шу пайтгача бунақасини ҳис қилмаганди. Унинг на оёғи остида ер, на боши узра осмон бор эди...

...Ниманингдир гурсиллаб кетиши Нодирни уйғотиб юборди. Кўзларини ишқалаб ойисини чақирди:

- Тинчликми, ойи, нимадир йиқилгандек бўлдими?

Аммо ойисидан садо бўлмади. Атрофга аланг-жаланг боқаркан, йигитнинг кўзи ерда юзтубан ётган, қўлида аллақандай қоғозлар ғижимланиб қолган онасига тушди.

- Сизга нима бўлди, ойи, нега бу аҳволда ётибсиз? – Нодир онасини полдан кўтариб олмоқчи бўлди. Аёлнинг жон тарк этган қўллари "шилқ” этиб тушди. 

Дилфуза Зарипова.
Просмотров: 752 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024