Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 23:04
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Август » 20 » Теран дарё сокин оқар…
23:30
Теран дарё сокин оқар…

Эркин Воҳидов: Теран дарё сокин оқар…

0 КОМИЛОВ-240x195

Бир воқеани доим эслаб тураман. Бу воқеа раҳматли Озод Шарафиддинов у кишини қандай юксак эҳтиром билан эътироф қилганига далил бўлади. Олимнинг "Тасаввуф” деган китоби эълон қилиниб, халқ ичида кенг тарқалган вақт эди. Озод Шарафиддинов домланинг ҳам бир китоби нашрдан чиқиб, бир куни шу китобнинг тақдимоти бўлди. Шу сабаб билан бир қанча олим ва ижодкорлар у кишининг уйига борган эдик. Озод ака ногирон эдилар, баъзан оромкурсида амаллаб ўтирардилар. Нажмиддин Комилов кириб келганида, устоз Озод акада у кишига нисбатан ҳурмат аломатлари ва муносиб қаршилаб олиш иштиёқи пайдо бўлди. Кўришган вақтларида дарҳол Нажмиддин Комиловнинг қўлларини тутиб, кўзларига сурдилар ва: "Шу "Тасаввуф” китобини ёзган қўлларингизни бир кўзларимга сурай”, дедилар.

01

Эркин Воҳидов
ТЕРАН ДАРЁ СОКИН ОҚАР…

Бир суҳбатда Алихонтўра Соғуний ҳазратларидан Алишер Навоийнинг бир байтини шарҳлаб беришларини сўраган эдим:

Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул-ҳудо,
"Ёр аксин майда кўр”, деб жомдин чиқди садо.

Май нима? Жом нима? Ёр нима? Ваҳдат нима? У зот шу истилоҳларни бир соат шарҳлаган эдилар. Ўшанда Навоийнинг нақадар буюклигига ва Соғунийнинг улуғ олим эканликларига тан берганман. Энди ўйласам, ўша мажлисда тасаввуф ҳақида бир маъруза бўлган экан.

У киши суҳбатда "тасаввуф” сўзини ишлатиб: "Тасаввуфни билмаган киши, унга теран кирмаган киши Навоийни била олмайди”, деган эдилар. Мен бу сўзнинг маъносини яна кўп йиллар ўтгандан кейин, "Ёшлик” журналида Нажмиддин Комиловнинг "Тимсоллар тимсоли” мақоласи эълон этилгач, теранроқ англадим.

У даврда одамлар тасаввуфни яхши билмаган, Қуръон ва ҳадисларни яхши билмаган. Бу маънавий хазиналарнинг билимдони бўлган Алихонтўра Соғуний эса бизга ёндош қўшни маҳаллада турардилар, ўша шарҳ ва суҳбатларни у кишидан ёзиб олмаганимга, яна бориб, такрор-такрор мурожаат этмаганимга кўп афсусланаман.

Шўро даврида, у кишининг сиёсий мавқеи жиҳатидан, уйларига бориш, у киши билан суҳбатда бўлиш ҳисоб-китобда бўлар эди. Яъни, ҳаётлари шўро сиёсатчилари томонидан назоратда тутилар эди.

Биз ўша маҳалда тасаввуфни гарчи ақлимиз, илмимиз билан тушуниб етмаган бўлсак-да, лекин тасаввуф оламини кўнглимиз билан ҳис қилиб, қалбимиз билан уни англаганмиз.

Ҳолбуки, биз "дин афъюндир”, деган даврда яшаганмиз. У замонда ҳазрат Навоий ижодини ҳаққоний талқин қилишнинг иложи бўлган эмас. Гўё Навоий динга зарба берган, руҳонийларга қарши курашган, деб тушунтирилар эди. Ваҳоланки, Навоийнинг бутун ҳаёти ижтимоий ҳаёт билан қанчалик боғлиқ бўлса, дин билан, Қуръон ва ҳадис билан ҳам шунчалик боғлиқ бўлган экан. Навоий барча ғазал ва достонларида мажозий ишқни восита қилиб, илоҳий ишқни куйлаган экан!

Ана шу борадаги маърифий ишларни биринчи бўлиб бошлаган, аввал мақолалар ёзиб, жиддий ишлар олиб борган, кейин эса икки жилдлик "Тасаввуф” китобини ёзиб, сўнг ҳазрат Навоий асарлари шарҳига киришиб, маънолар оламига жиддий сафар қилган олим Нажмиддин Комилов бўлди.

Нажмиддин Комиловнинг мумтоз шеъриятнинг ирфоний маънолари ҳақидаги илк мақолаларини ўқиганимизда биз учун янги бир олам очилгандек бўлган эди.

Нажмиддин Комиловни Тошкент илмий, адабий муҳитидаги ҳар бир ижодкор ёки олим чин дилдан ҳурмат қилар, у кишининг илмий-маънавий салоҳиятига, фазилатига тан берар эди.

Бир воқеани доим эслаб тураман. Бу воқеа раҳматли Озод Шарафиддинов у кишини қандай юксак эҳтиром билан эътироф қилганига далил бўлади. Олимнинг "Тасаввуф” деган китоби эълон қилиниб, халқ ичида кенг тарқалган вақт эди. Озод Шарафиддинов домланинг ҳам бир китоби нашрдан чиқиб, бир куни шу китобнинг тақдимоти бўлди. Шу сабаб билан бир қанча олим ва ижодкорлар у кишининг уйига борган эдик. Озод ака ногирон эдилар, баъзан оромкурсида амаллаб ўтирардилар. Нажмиддин Комилов кириб келганида, устоз Озод акада у кишига нисбатан ҳурмат аломатлари ва муносиб қаршилаб олиш иштиёқи пайдо бўлди. Кўришган вақтларида дарҳол Нажмиддин Комиловнинг қўлларини тутиб, кўзларига сурдилар ва: "Шу "Тасаввуф” китобини ёзган қўлларингизни бир кўзларимга сурай”, дедилар.

Нажмиддин Комилов шунчалик улуғ олим бўлишига қарамай, ниҳоятда камтарин инсон эди, у киши бу ҳолдан жуда хижолат бўлиб: "Сиздан ўрганганмиз, сиздан ўрганганмиз”, дея олди, холос. Камтарликдан у кишининг ана шундай хижолат бўлганини кўрганмиз.

У киши ниҳоятда камгап, сокин, заруриятсиз гапга аралашавермас, кўпроқ эшитишга мойил эди. Зотан, "Чуқур дарё сокин оқади”, деган гап бор. Нажмиддин Комиловнинг камтаринлигини ўйласам, бир форсий байт эсимга келади:

Нокасе гар аз касе боло нишинад айб нест,
Чунки хас дар рўйи об-у, зери дарё гавҳар аст.

Яъни: "Агар нокас касдан юқорида ўтирса, айб эмас. Чунки хас сувнинг юзида-ю, гавҳар дарёнинг тагида бўлади”.

Нажмиддин Комилов чинакам гавҳар эди, қалби гавҳар, илми, тафаккури гавҳар эди. Халққа гавҳар улашиб яшаган инсон эди.

Яна муҳим бир тарихий воқеани эслайман. 2000 йил бошида Олий Мажлис иккинчи чақириқ халқ депутатларининг ташкилий йиғини бўлди. Ўша мажлисга белгиланган расмий тартибга кўра, Республика Сайлов комиссиясининг раиси сифатида Нажмиддин Комилов раислик қилдилар.

Шунда муҳтарам Президентимиз нутқ сўзлаб, нутқнинг маънавият ҳақидаги қисмида ҳазрат Алишер Навоийдан сўз очдилар ва ижодкор депутатларга юзланиб, ҳозирги инсонлар нима учун Навоий ижодини теран англамаслигини, ҳазрат Навоийни халққа англатиш учун нималар қилиш кераклигини айтиб, ўртага фикр ташладилар, депутатларни шу ҳақда фикрлашга чақирдилар. Ўшанда энг билимдон зот Нажмиддин Комилов эди. Ҳазрат Навоийни халққа англатиш йўлида энг кўп хизмат қилаётган киши ҳам шу киши эди. Бу дард – мумтоз адабиётни, Алишер Навоий ижодини халққа англатиш, етказиш дарди ҳаммамизнинг дардимиз ва энг аввал Нажмиддин Комиловнинг дарди эди. Лекин у киши бир оғиз ҳам сўз айтгани йўқ. Сукут сақлаб, тафаккур қилиб ўтирди. Биз ўшанда Нажмиддин Комиловнинг айтмаган сўзларини, қалбидан кечираётган туйғуларини юракдан ҳис этиб турганмиз. Ўшанда энг ақлли гапни ҳам, энг тўғри жавобни ҳам у киши айтиши мумкин эди. Лекин азбаройи камтарлиги ва одоби жиҳатидан сукутни раво кўрди.

Ўз ўрнида айтмоғимиз лозимки, Навоий ижодини одамларга англатиш, Навоий маърифатини халққа етказиш кўп йилларни талаб қилиши турган гап эди. Чунки кўп йиллар давомида халқимизда Навоийдан узоқлашиш ҳолати пайдо бўлган эди.

* * *

Нажмиддин Комилов ўз даврида жуда кам қолган уламоларнинг, яъни мадраса кўрган катта шайх ва алломаларнинг суҳбатини олган, улардан илм, одоб ва маърифат ўрганган киши эди; мустамлака замонида қадри бўлмаса ҳам, лекин комил инсонлар ичида жуда улуғ ҳурматга эга бўлган чинакам буюк уламолар билан бирга бўлиб, улардан дарс эшитган шахс эди. Масалан, у кишининг марҳум Қутбиддин Эшон Муҳитдинов билан бўлган муносабатлари, илмий-маърифий ҳамкорликлари илм аҳли учун ибратдир. Қутбиддин Эшон Муҳитдинов билан яқиндан таниш бўлмаган эсам-да, ул зотни яхши билганман. У киши – филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг маънавий илмий ходими, ҳазрати Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғатини тузишда фаол иштирок этган, айниқса, "Хамса” каби муҳташам асар луғатини тузишда жонбозлик кўрсатган асл аллома эдилар. Тўрт жилддан иборат "Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” китобининг биринчи жилди тақдимида у зотнинг шаънида "Қ.Муҳитдинов – "Хамса” асарининг луғатини тузган, форсий, арабий сўз, ибора ва байтларнинг изоҳи ва талқинини берган, "Мажолисун-нафоис”, "Лисонут-тайр” асарларининг луғатларини тузишда иштирок этган”, деган сўзлар ёзилган. Шунингдек, у киши тарихий силсилаи шарифдан ўрин олган Нақшбандия шайхи, мумтоз шеърият донишманди, Қуръон ва ҳадис билимдони, Навоий ижодидаги маърифий нуқталарни англаш ва англатишда, луғатлар учун таржима қилиб беришда беназир бўлган шахс эдилар. Шўро даврида, мустамлака истибдоди ичида соқолли, чакмонли, дўппили бир шахснинг фан арбоби бўлиши, илмий анжуманларда иштирок этиши, Фанлар академиясида хизмат қилиши осон гап эмас эди! Бу деярли бўлиши мумкин бўлмаган бир иш эди. Ўз истеъдоди ва маърифатини баҳоли қудрат халққа етказишга йўл топган ана шундай зотнинг назарига тушиш, муҳаббатига эришиш, ташқи ҳовлисида яшаш, суҳбатидан тўйиб-тўйиб баҳраманд бўлиш Нажмиддин Комиловдек тафаккур соҳибига насиб этди. Бу маънавий баҳралари, эришган илмлари натижаси ўлароқ, олим мумтоз шеъриятнинг тасаввуфий маъноларини кашф этди, ҳазрат Навоий ижодини теран тимсоллари билан таҳлил қилди, яхши шогирдлар етиштирди, ўзидан яхши китобларни ёдгор қолдирди.

Биз у киши билан турли анжуманларда, давраларда, кўпчилик ичида кўришиб турар эдик, лекин, афсус, алоҳида суҳбатларда бўлмас эдик.

Ўша даврда халқ ичида машҳур бўлган "Алишер Навоий” спектаклида эсда қолгулик сатрлар бор эди, Нажмиддин Комиловни сўнгги йўлга кузатиб, қабрга қўяётганларида шу сатрлар хаёлимдан ўтди:

Етишгунча яна ул сингари зот,
Қуёш юз йилча нур сочмоғи лозим,
Баҳор юз карра гул очмоғи лозим…

Нажмиддин Комилов етук асарлари билан ўз номини боқийликка хатлаб кетди.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси

01

Нажмиддин Комилов
ТАСАВВУФ ВА БАДИИЙ ИЖОД

Тасаввуфнинг Шарқда кенг тарқалишига боис унинг араб, форс ва туркий тилларда буюк бир шеъриятни вужудга келтиришидир. VIII-IX асрларда Робия Адавия, Мансур Ҳаллож сингари улуғ суфийлар ижоди билан бошланган суфий ашъор XII асрларга келиб улкан бир адабиётга айланди, ўзига хос образлар, тимсоллар олами, алоҳида рамзлар, услуб ва усуллар шаклланди. Олимлар тасаввуфнинг адабиёт билан яқинлашиш сабабларини кўпроқ суфийларнинг рақсу самоъ мажлислари билан боғлайдилар. Бироқ, айтиш керакки,сабаб фақат шундан иборат эмас. Тўғри, тасаввуф шайхлари муридларига таъсир этиш учун рубоий, ғазал каби кичик шеърий жанрлардан фойдаланганлар. Баъзан ўзлари суфиёна ғояларга мос асарлар ижод қилиб, аксар ҳолда эса халқ орасида юрган оғзаки ижод намуналари ва машҳур шоирларнинг шеърларидан фойдаланиб, суҳбатларини қизитганлар, сўзларга янги маъно бериб, суфиёна ғоялар руҳида талқин ва тафсир қилиб, эшитувчиларни ҳаяжонга солганлар. Бу – масаланинг бир томони, яъни тасаввуфнинг адабиётга интилиши. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Гап шундаки, адабиёт ҳам тасаввуф томонга қараб интилган. Тасаввуф ғоялари кенг тарқалгандан кейин у гуманист шоирларнинг қалбини ром этди. Тасаввуфнинг пок илоҳий ишқ ҳақидаги, ҳақ ва ҳақиқат, нажиб инсоний хислатлар, комолот касб этиш ҳақидаги ғоялари шеърият ғояларига айланди – шоирлар қизғин бир руҳ, кўнгил амри билан ирфоний ғояларни куйлайдилар, ҳисобсиз лирик шеърлар, жаҳонга машҳур достонлар, қиссалар яратилди. Тасаввуфнинг беҳудлик ва ишқ концепцияси, софлик адолат ва ҳақиқат тимсоли – Мутлақ Илоҳга муҳаббат завқи ижод аҳлига қаттиқ таъсир этди. Инсоният ғам билан қалби дардга тўлган исёнкор руҳдаги шоирларни бир оҳанграбодай ўзига тортиб ўртанишли, ҳис-ҳаяжонга сероб ажойиб шеъриятни вужудга келтирди. Бу шеъриятнинг марказий қаҳрамони – ринди бебок, Мансур Ҳаллож эътиқодига имон келтирган, ўзини баркамоллик чўққисида кўрган, руҳан озод киш эди. Унинг завқи, изтироб-кечинмалари, хаёлий романтик оламга интилиши махсус ифодалар ва кўп маъноли рамзий иборалар билан тасвирланадиган бўлди.
Суфиёна адабиётнинг тасвир мавзуи (объекти) тариқат йўли билан покланаётган ва тинмай комиллик сари тараққий этаётган Инсон бўлгани учун ана шу солик – йўловчи Инсоннинг дунёқараши, эстетикаси, кечинмалар олами муҳим аҳамият касб этиб келган. Тасаввуфий адабиётнинг барча кўринишлари, жанрларида ана шу солик Инсоннинг туйғулари, тушунчаси тасвирга олинади, уни тарбиялаш, унга Ҳақни ва ўзлигини тушунтириш, турли ривоят ва ҳикоятлар келтириш, ўгит-насиҳатлар қилиш билан унинг онги ва қалбига йўл топиш бош масала қилиб олинади.
Тасаввуф ўзи буюк бир романтик оламдир. Оламни мутлақ Парвардигорнинг ижоди деб қараш, дунёни Илоҳнинг кўзгуси деб тушунтириш ва барча гўзалликлар, қудратни Илоҳдан деб ҳисоблаш, Борлиқни романтик рангларда, шоирона хаёлий сурат – тимсоллар тарзида, илоҳий нурнинг порлашидан доимий ҳаракатда ва ижодда деб тасаввур этиш – ўзи бир Буюк Поэзиядир. Жами гўзалликлар, яхшилик ва эзгулик манбаи мутлақ Илоҳ. Қудрат ва куч, ҳаракат ва фаолият ҳам Ундан. Дунёдаги жами ҳусну жамол – Унинг жамолининг акси. Инсон гўзаллиги Унинг жамолининг жилваси, бу Жамол оламда қанча кўп жило этган бўлса, у шунча гўзал бўла олади. Инсон руҳининг гўзалликка, нафосатга ташналиги Илоҳ гўзаллигига ташналик оқибатидир. Ва яна бунинг ичида моддий гўзаллик ва маънавий гўзаллик, ғоя ва фикр гўзаллиги ҳам ажралиб, эътиборга олинади. Хуллас, гўзалликдан мақсад тафаккур гўзаллиги, маънавий гўзалликни англамоқ, олий жавҳар – Руҳий азалига нарсаларнинг гўзаллигини қабул қилмоқдир…
Гўзаллик идеали, қудрат идеали, поклик идеали, абадийлик идеали – жами идеаллар идеали Унинг Ўзи. Ғайрат ҳам Ўшандан, қудрат ва шижоат ҳам, ҳаёт нафосати ҳам ундан. Жонли ва жонсиз ҳар бир нарсада, ҳаётнинг ўзида Илоҳ қудратини мушоҳада этиш, Унинг гўзаллигидан ҳайратланиб, жўшиб, олам-олам завқ олиш, Илоҳни ёри азиз, дўст деб билиш, Унга суяниш, рози дил айтиш – мана суфий шоирнинг эстетик дунёси, ҳаёт мазмуни!
Кўринадики, суфийларда реал моддий дунё гўзаллиги инкор этилмайди (гарчи дунё ва унинг бойлигига бўлган салбий муносабат сезилиб турса-да), балки реал моддий дунё ўз-ўзича қимматли эмас деб қаралади. Қадрият ва арзирлм нарса, суфий назарида, бу – руҳ билан, Илоҳ билан боғлиқ нарсадир. Ҳаёт ҳам руҳнинг фаолиятидан иборат. Руҳсизик – хунуклик, ўткинчилик, фонийлик. Ҳар қандай ўткинчи нарса қимматга молик эмас, жумладан, дунё ҳам. Абадий нарса руҳдир ва шу сабаб у ҳимматлидир, гўзалдир.
Тасаввуф ва бадиий ижод деганди фақат сўз санъатини назарда тутмаймиз. Тасаввуф ўз мусиқаси, тасвирий санъати, рақс санъатини ҳам яратди ва ҳатто суфиёна театрлар пайдо бўлди. Биргина самоънинг ўзида ҳам шеърият, ҳам рақс, ҳам қўшиқ, мусиқа иштирок этади. Кўпгина самоъ мажлислари театрлашган томошага айланар эди, фақат суфийларнинг ўзи эмас, атроф-жавонибдаги кишилар ҳам бу томошаларни йиғилишиб кўрганлар. Масалан, "Нафаҳоту-л-унс” асарида Шайх Абусаид Абулхайр мажлисларига ҳатто хотинлар келиб, томларга чиқиб томоша қилгани ёзилади.
Тасаввуф билан бадиий ижод орасидаги яқинликни суфийлар ва ижодкорларнинг руҳан яқинлигидан ҳам изласа бўлади. Чунончи, тасаввуфдаги "жазба” тушунчасини олиб крайлик. Жазба – бу ишқ, илоҳий жунун. Киши қалбида Аллоҳни билиш муҳаббати, Унга етишиш завқи шу қадар кучли бўладики, у ўзини тўхтатиб туролмайди. Ҳамма нарсани унутиб, Маҳбуб жамолига талпианди. Бу – улуғ ва мукаррам бир Дарддир. Ана шу дард – жазба тушунчаси дарвишлик билан шоирликни, кенг маънода эса, тасаввуф билан ижод хусусиятларини бир-бирига яқинлаштиради. Яъниким, дарвишлик истеъдоди, ғайри табиий хислатга молик бўлиш шоирларга ҳам хосдир демоқчимиз.
Туғма истеъдодли ҳар бир шоир қалбида ориф инсоннинг эътиқоди, пок ниятининг шамъи ёқиғ ва ҳар бир илоҳсевар, риёсиз ҳақиқий дарвишнинг юраги шоирона ҳаяжон, илҳому ваҳийлик эҳтироси билан ҳаракатда. Ориф дарвиш пайғамбарона руҳи билан Хайр ва Эзгуликни элга туҳфа этса, шоир буни тоза туйғулар, оташин сўз кучи билан амалга оширади. "Ҳақиқий диндор шоир суфий бўлиши керак”, деб ёзган эди тариқат аҳли ҳаётини ўрганган араб олими Ал-Жоҳиз (вафоти 869 й.). Бунинг баробарида машҳур шайхларнинг аксари ажойиб рубоий ва ғазаллар ёзгани, шеърий девонлар мерос қолдиргани ҳам тарихдан маълум. Алишер Навоийнинг фикрича, шоирда дарвишлик хислати бўлмаса, унинг истеъдоди улуғ мақсадга хизмат қилолмайди, шу учундир, шоирлик ва дарвишлик истеъдодини мужассам этган кишиларнинг кўпини у "Мажолису-н-нафоис” асарида келтириб, махсус таъкидлаб ўтган. Унинг ёзишича, ҳар бир зиёли зоҳирий илмлар (дунёвий фанлар) билан бирга, ботиний илм (тасаввуф)ни эгаллаши лозим, бу унинг фазлу камолини оширади, хушахлоқ, ҳалим ва одамшаванда бўлишга кўмаклашади. Буни у Паҳлавон Муҳаммад, Саййид Ҳасан, Мавлоно Муқимий, Малоно Буружий, Хожа Юсуф Бурҳон, Хожа Ҳазар Хизршоҳ ва бошқа бир қанча дарвишваш фақир одамлар мисолида кўрсатиб ўтган. Бу одамлар суфийлик билан ном чиқарган бўлсалар-да, аммо яхшигина таъблари ҳам бўлган. Чунончи, Хожа Юсуф Бурҳон "фақир ва фано тариқида сулук қилур эрди… жамики аҳли туруқнинг (тариқатнинг – Н.К.) соҳибтариқи эрди ва мусиқий илмни ҳам яхши билур эрди”. Қосим Анвор бўлса, "рутбаси шоирлик ғоясидан юқорироқ”, яъни валийлар зумрасига мансуб, айни шу хусусият унинг "равишини пок ва ашъорини оташнок” этган. "Ер фариштаси” деб эъзозланган Абулвафо Хоразмий "кибор авлиёдандур”, шу билан бирга у тасаввуфга оид китоб таълиф этган, ажойиб куйлар чалган, рубоийлар ёзган. "Турк ва форс орасида” фақру фанода тенгсиз Саййид Ҳасан ҳақида: "Тасаввуфда таъби хуб эрди”, деб ёзади Навоий. У Хожа Ҳофиз, Хисрав Деҳлавий, Лутфий ва Навоийнинг ўзининг ашъоридан юзлаб байтларни ёд билган, нозик ва латиф табиатли киши бўлгани, кўнгли юмшоқлигидан "дардмандона сўздин ва назмдин ва нағмадан мутаассир” бўлиб, атрофдагиларни ҳаяжонга келтирган. Алишер Навоий суфий қалби билан шоир қалбининг бир-бирига йўлдош ва ҳамроз эканини кўп кузатган, суфийларнинг табиати, ботиний дунёси шеъру нағма, куй мусиқага ташналигини кўрган. "Басо аҳлуллоҳким, арғунун унидин дайрға кирди ва дину ислом нақдин муғбачаларға бой берди”, дея хулосалайди у кузатишларини "Маҳбубу-л-қулуб” асарида. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ шекилли, чунки тариқат ўз ақидалари билан руҳ илми эканлиги жиҳатидан ижод психологиясига яқиндир. Суфийнинг қолга кириш лаҳзасини ижодкорлардаги "илҳом ташриф буюриши” ҳодисаси билан тенглаштирса бўлади. Суфиёна завқу сурур, важду самоъ ижод ижод аҳлининг илҳомли дамлари, яратиш завқи тўлиб тошган даврига ўхшаб кетади. Дарҳақиқат, ижод завқи ва суфиёна завқ инсон руҳий ҳолати нуқтаи назаридан бир хил нарса. Бежиз эмаски, тариқатда ижодга мойил, қалбида илоҳий ишқ жўш урганлар кўпроқ муваффақият қозонганлар. Шоирлик истеъдоди бор бўлган соликларда бу дард шеър бўлиб қуюлиб келган – ҳақиқий каромат юз берган. Жалолиддин Румийнинг ҳаётини эсланг: у тариқат сулукини бекаму кўст бажарган бўлса-да, лекин то Шамс Табризий била учрашиб, суҳбат қурмагунга қадар шеър ёзмаган, ҳолбуки унинг ёши қирққа яқинлашган эди. Шамс Табризий таъсирида унинг қалб кўзи очилиб, буюк шоир ва буюк суфийга айланди. Яссавий, Аттор, Машраб ҳам аслида жазба теккан, яъни илоҳий "девоналик”дан бонасиб одамлар эдилар. Уларнинг ғайриодатий, мажнунона хулқ-алвори атрофдагиларни ҳайратга соларди (Машрабнинг "Девона” лақабини олгани шундан), бунинг устига улар пирга қўл бериб, руҳий чиниқиш азиятларидан ҳам хабардор эдилар.
Яна бир ҳодисани таъкидлаб ўтмоқчимиз: тасаввуфни соф назариётчи олим ва шайхлардан кўра шоирлар чуқурроқ идрок этганлар, улар маърифат асрори, "илму-л-ғайб”нинг мушоҳада ва мукошифасида мўъжизалар кўрсатганлар. Эътибор қилинг, ваҳдату-л-вужуд таълимотининг асосчиси шайх Ибн Арабий яхши шоир ҳам эди, у "Фусусу-л-ҳикам” ("Ҳикматлар гавҳари”) ва "Футуҳоту-л-Маккия” ("Макканинг очилиши”) номли машҳур асарларининг кўп қисмини шеър билан битган, яъни ўз назарий фикрларини фалсафий истилоҳлар орқали тушунтиришга қийналиб қолганда асосий муддаони шеърий сатрлар ёрдамида изҳор этган. Робия Адавия, Мансур Ҳаллож, Абдулла Ансорий, Абусаид Абулхайр, Паҳлавон Маҳмуд ҳам шу усулдан фойдаланганлар. Хайём, Румий, Жомий, Бедил, Иқбол тасаввуфининг жуда кўп нозик назарий масалаалрини жаҳоншумуш шеърий асарлар воситасида шарҳу баён этганини яхши биламиз. Чунки тасаввуф ғояларини ақлий-назарий мушоҳададан кўра ҳиссий-образли тафаккур билан тушунтириш осон. Воқеан, тасаввуф ақл билан дунёни билиш мумкинлиги, мантиқий тафаккурни тан олмайди, унинг асосий қуроли – савқи табиий, яъни интуиция. Маърифат кўнгилга нур бўлиб қуйилади, дейди аҳли дил. Шунга ўхшаш шоирлик ҳам ғайбдан келадиган неъмат, покиза қалб илҳомидан туғиладиган кўнгил каломи. Токи дил илоҳий дарддан ғулғулага келмаса, ноқисликдан ларзага тушиб исён қилмаса, илоҳий лисон – шеър туғилмайди. Хожа Ҳофиз бир ғазалида: "Мен шеър тўқимайман, мен Илоҳнинг тили бўлиб куйлайман” деганда шу ҳолатни кўзда тутмадимики? Ва шунга биноан, тасаввуфдаги "бедорлик, "хилват”, "узлат” тушунчалари ҳам барчадан кўра ижод аҳлига яқин ва тушунарлидир.
Суфий дарвишлар, шу тариқа, ижод аҳлига яқинлашиб бордилар ва иккинчи тарафдан, ижод аҳли ҳам тасаввуфга томон интилдилар. Суфий жамоалар орасида "риндлар зоҳиран ўзларини бехуд, бепарво қилиб кўрсатувчи, ботинан эса мутафаккир ва закий бўлган, дунёнинг нобаробарлигидан, адолатсизликлардан зада кишилар сифатида алоҳида ажралиб турарди, улар бир-бирига рози дил айтиш, ҳасратлашиш учун йиғинлар уюштирардилар. Бундай йиғинларда илму адаб аҳли ҳам иштирок этарди, риндлар одатига мувофиқ меъёрида шароб ичиб, сархушлик қилиш, эркин-озод ҳолда туйғулар тизгинини қўйиб юбориб, куй-қўшиқ, шеърхонлик "базми жамшиди”ни тузиш расм бўлган. Алишер Навоий "Махбубу-л-қулуб” асарида "ринди бодапараст”ларнинг ахлоқини баён этиб, уларни Худо ошиқлари, Ҳақнинг севган бандалари деб таърифлайди. Риндлар даврасининг ўз шоирлари, ҳикоячи латифагўйлари, созандаю мутриблари бўлган. Шеър ва мусиқийнинг инсон руҳига таъсир этиш кучини сезган тасаввуф шайхлари хонақолардаги йиғинларда бундан фойдаланишга интилганлар. Айниқса, самоъ йиғинларни қизитишда шеър ва мусиқа жуда қўл келарди. Маълумки, жамоа-тоифа бўлиб яшаш, пир-муридлик одобини сақлаб, тонготар суҳбатлар қуриш, илоҳиёна асрори ҳақидаги баҳсу мунозара мусулмон шарқининг бутун қадимий маданий марказларида қурилган кўп сонли хонақо ва зовияларда тўпланган фақру фано аҳли хаётининг мазмунини белгиларди. Хонақоларда ("самоъ” арабча эшитиш) мажлислари уюштириш, шеър ва рақс базмини ташкил этиш одат тусига киради. Хусусан, сукра – беҳудлик концепциясини ёқлаган суфийлар бунга ўч эдилар. Улар: суфий учун асосий нарса вужуднинг борлигини унутиш, қол мақомини эгаллашдир, самоъ шу руҳий ижтиҳод қиёмини кучайтиради, деб ҳисоблардилар. Суса шаҳри суфийлари мажлисида иштирок этган тарихчи Ал-Мақдасий ёзади: "Баъзан суфийларга қўшилиб қичқирардим, баъзан уларга қасидалар ўқиб берардим” (Адам Мецнинг "Ислом уйғониши” китобидан, 234 бет). Хонақолардаги куй-қўшиқ садолари атрофга таралиб, одамларни ўзига жалб этган. Мақдасийнинг айтишича, хотин-халаж уйларнинг томига чиқиб суфийлар базмини томоша этганлар.
Тасаввуфнинг бу ружуъи шубҳасиз, ижобий ҳодиса эди, унинг таъсирида шариат унча хуш кўрмаган санъат ривожланди. Суфиёна базмлар бағрида кўплаб истеъдодли мутриб ва муғаннийлар тарбияланди, янги-янги куй-оҳанглар яратилиб, эл орасига ёйилди. Жумладан, тожик ва ўзбек халқларининг классик шошмақоми ҳам шу заминда шаклланиб, тасаввуф мақоматининг ҳолатларини ифодалайди. Аммо шеърхонлик фақат само мажлисларига хос эмас эди; оят, ҳадис ва шеърий ҳикматлар билан нутқни безаб, мазмунли ва таъсирчан қилиш самони ёқтирмайдиган ёки уларга бепарво қарайдиган хилватнишин шайхлар сифатида ҳам расм бўлган. Шайхлар ўз атрофларида тўпланган муридларига тариқат мақоми ва ҳол мазмунлари, нузулият сиру асрорини кашф этишнинг фазилати ва мушкулоти хусусида ваъз-насиҳатлар қилаётиб, маърифатни тушунтирар экан, ора-орада шеърий парчалар ўқиб ёки ихчам ҳикоятларни мисолга келтириб ўтар, тингловчилар эса бундан руҳланиб, шайхнинг фикрини чуқурроқ англар эдилар. Тазкира ва маноқиблардан ҳикоя қилинишича, Робия Адавия (713-801), Мансур Ҳаллож (857-922), Боязид Бистомий (ваф.874), Абу Саид Абулхайр (957-1049), Абдуллоҳ Ансорий (1306-1388), Абулҳасан Ҳарақоний (ваф.1034), Нажмиддин Кубро (1145-1226), Баҳоваддин Нақшбанд (1327-1389) ва бошқа бир қанча атоқли шайхлар ўз суҳбатларида кўплаб шеърий парчаларни истифода этганлар. Баҳоваддин Нақшбанддан сизнинг самоъга муносабатингиз қандай деб сўрашганда, улар: "Мо ин кор накунем, вале инкор накунем” ("Биз бу ишни қилмаймиз, аммо инкор ҳам этмаймиз”) деб жавоб қайтарган эканлар. Шуни ҳам айтиш керакки, тасаввуф шайхлари дастлабки даврларда дунёвий мазмундаги шеърларга суфиёна маъно бериб, ўз ғояларига хизмат қилдирган бўлсалар, бора-бора улар учун тасаввуфнинг махсус истилоҳ тушунчалари, рамз-тимсолларини ифодалайдиган асарлар ёзила бошланди. Натижада шеъриятда яширин маънолар, тасаввуф тушунчаларига мўлжалланган махсус тил пайдо бўлди, "лисону-л-ғайб” усулида ёзилган ғазал ва рубоийлар кўпайди. Энди адабиёт тасаввуфга хизмат қиладиган иллюстратив материал бўлиб қолмай, балки ўзи тасаввуф ғояларини баралла тарғиб қила бошлади, аниқроғи, тасаввуф ғоялари шеърият ғояларига айланди. Рамзийлик, суфиёна тил билан ёзиш адабиётни бир қадар мураккаблаштирди, натижада хос кишилар англайдиган шеъру ғазаллар яратилди. Аммо қизиғи шундаки, иккинчи томондан, тасаввуфий шеърият орасида бағоят содда тилда ёзилганлари ҳам кўп. Бу жиҳатдан, масалан, Аҳмад Яссавий ижоди, Суфи Оллоҳёр асарлари яхши мисол бўлади. Бу шоирдар диний-суфиёна ғояларни халқчил бир усулда баён этадилар, уларнинг ўгит-насиҳатлари, ташбеҳ-истиоралари ҳам содда ва тушунарлидир. Чунки мақсад тасаввуфни ва ислом ҳақиқатларини кенг саводсиз омма қалбига етказиш эди. Дарвишлик сулукини эл орасига ёйиш, дарвишларни мукаррам ва маҳбуб қилиб кўрсатиш эди. Айниқса, туркий тилдаги суфиёна адабиёт ўзининг оғзаки ижодга яқинлиги, бевоситалиги билан ажралиб туради. Бежиз эмаски, Мавороуннаҳрнинг ўзбеклар билан бирга яшайдиган тожиклари ҳам "Қиссаи Машраб”, "Бобо Машраб”, "Қиссаи Ҳасан-Ҳусан” сингари ўзбекча асраларни кўпроқ мутолаа қилганлар.
Энди суфиёна адабиётнинг мураккаблиги ҳақида гап кетганда, шуни айтиш керакки, шоирлар бунга мажбур эдилар. Зеро, тасаввуфни шеър билан баён этиш – фалсафани, илоҳшуносликни шеърга солиб чиқиш демак. Шу боис биз тасаввуфий адабиётни том маънодаги фалсафий адабиёт деймиз. Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Ибн Арабий, Жомий, Бедиллар Шарқнинг буюк файласуфлари, лекин уларнинг аксар ирфоний асарлари шеър билан ёзилган ирфоний асарларни ҳам икки қисмга ажратиш мумкин: бир қисм тасаввуф таълимотини баён этган, суфиёна истилоҳлар билан фикр юритадиган асарлар. Чунончи, Абулмажд Саноийнинг "Ҳақиқату-л-ҳақойиқ”, Маҳмуд Шабустарийнинг "Гулшани роз”, Жомийнинг "Шарҳи рубоиёт”, Бедилнинг "Муҳити аъзам”, Саййид Қосимийнинг "Ҳақиқатнома”, Суфи Оллоҳёрнинг "Саботу-л-ожизин”, Бобожон Саноийнинг "Канзу-л-маориф” асарлари бунга мисолдир. Бу асарларни тасаввуф дарсликлари сифатида қабул қилса бўлади, чунки муаллифлар ушбу таълимотни назм орқали тушунтиришни мақсад қилиб олганлар.
Иккинчи қисм адабиётда тасаввуф ғоялари кечинма ва ҳаяжонлар, тимсол ва тамсиллар орқали тасвирланиб, талқин қилинади. Бу асарларни тасвирий талқин ёки бадиий тафсир (интерпретация) дейиш мумкин. Абулмажид Саноийнинг "Сайру-л-ибод”, Фаридиддин Атторнинг "Илоҳийнома”, "Булбулнома”, "Уштурнома”, Жалолиддин Румийнинг "Маснавий маънавий”, Хусрав Деҳлавийнинг "Матлаъу-л-анвор”, Алишер Навоийнинг "Ҳайрату-л-аброр” ва "Лисону-т-тайр” асарлари шу хилдаги асарлардир. Бу асарларда суфиёна-фалсафий маънолар шеърий сатрлар, бадиий-ифодали тил билан талқин этилишдан ташқари яна жуда кўп масал ва ҳикоятлар, рамзий ташбиҳлар келтирилиб, китобхонга шарҳлаб берилган. "Мантиқу-т-тайр” ва "Лисону-т-тайр” каби достонларда иштирок этувчи персонажлар ҳам рамзий: Ҳудҳуд – пир тимсоли бўлса, ўттиз қуш солик муридлар тимсолидир. Аттор ва Навоий тасвирлаган етти водий эса солик руҳининг етти хил товланувчи манзараси – Аллоҳга восил бўлиш босқичлари, маърифат зиналарини билдириб келади.
"Лисону-т-тайр”да олтмишдан ортиқ ҳар хил ҳикоятлар бор. Улардаги тариқат ва шариат, ирфоний билиш масалалри билан боғлиқ бўлган, шунингдек, инсон ахлоқига оид масалалар устида фикр юритилади. Ҳикоятлар халқ ижодиёти хазинасидан олинган. Аммо улардан келиб чиқадиган ибратли хулосалар ("қиссадан ҳисса”) суфиёна маънолар талқинига мослаштирилган. Масал ва ҳикоятлр ахлоқий мавзулар, чунончи, нафснинг ёмонлиги, дунёга меҳр қўйишнинг арзимаслиги, хасислик фалокати, сахийлик шарофати, садоқат, вафо ва ҳоказолар ҳақида баҳс этади. Умуман, суфиёна адабиётда ўгит оҳанги, панду насиҳат етакчилик қилади. Бу таббий. Чунки шайхлар ўз муридларини суҳбат орқали насиҳат қилиш билан тарбиялаганлар. Айнан ана шу суҳбатларда ҳикоятлар, шеърий парчалардан фойдаланилган. Насиҳат адабиётининг ўзига хос жозибаси, таъсир кучи ва услуби бор.
Тасаввуф адабиёти ўзигача бўлган шакл ва жанрлардан фойдаланди, чунончи лирик жанрлардан рубоий, ғазал, қитъа, қасида; эпик жанрлардан маснавий тасаввуф адабиётининг ҳам асосий жанрларига айланди. Суфий шоирлар бу жанрларни ривожлантириб, уларга янги руҳ бағишладилар. Кўп шоирларда дунёвийлик билан илоҳийлик, яъни ирфон қўшилиб зуҳур этади. Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Камол Хўжандий, Жомий ва Навоий ижодида дунё гўзаллиги илоҳий ҳусну жамолнинг давоми ва моддий ифодаси сифатида олиб қаралади. Шунинг учун улардан соф диний ғояларни ёхуд соф дунёвий ғояларни қидириш, асарларини бир-бирига зид қўйиш нотўғри. Бу шоирлар учун олам ва одам ягонадир. Руҳ ва жисм, вужуд ва маъно биргадир. Улар куйлаган реаллик илоҳий сифатларнинг маҳзари ва жилоси. Илоҳий маҳзардан илоҳий манбага қараб борадиган руҳ улар учун энг гўзал руҳдир. Шу боис ҳам мазкур шоирларнинг асарларини суфийлар ўз мақомида, оддий китобхонлар ўз мақомида англаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг асарлари кўп маъноли, ҳар бир ифода етти қават парда ичига яширинган. Масалан, маҳбуб деганди Худони, пайғамбарни, Пирни ва севган кишисини англаш, соқий деганда ҳам айнан шу тўрт тушунчани эътиборга олиш, лаб деганда пирнинг сўзини, илоҳий файзни, қош деганда илоҳий олам билан моддий олам чегарасини, бел деганда комил инсон хаёлини нозиклигини, кўз деганда комил инсоннинг ўзини назарда тутиш мавжуд. Бу тимсолларни батафсил англамай, суфиёна шеърни англаш мумкин эмас. Ана шу тимсоллар орқали Навоий ва Машраб лирикасида солик образи гавдалантирилади. Тариқат йўлидаги мусофир, яъни соликнинг кечинма ва ҳаяжонлари, Маҳбуб ёдидаги талпиниш ва сархушлиги ва хумори, васл дамларидаги шодлиги тасвирланади. Умуман, Навоийда инсоннинг Аллоҳ томон кўтарилиши (уруж) асосий ғоядир. Шоир шу йўл изтироби ва мартабаларини турли воситалар билан тасвирлайди. "Хамса” достонлари, "Лисону-т-тайр”да ҳам уруж-меърожни тасвирловчи асарлардир. Оддийликдан мураккабликка, дағалликдан юмшоқликка, нодонликдан доноликка, оддий иймонлиликдан юксак ирфоний иймонга ўсиб чиқиш. Буларнинг ҳаммасининг тагида эса ваҳдат моҳиятини англаш, Ваҳдоният оламига қўшилиш шавқи бор. Бошқача айтганда, камолот касб этиш. Шуни ҳам айтиш керакки, Навоий ижодида мутлақийлик ҳукмрон: мутлақ яхшилик (эзгулик) ва мутлақ ёмонлик (ёвузлик)ни кўради у. Унинг учун ёмон – бу мутлақ қора рангда рўринадиган ёмонлик. Яхши – мутлақ яхшилик, у нурли ранглар билан жилоланади. Шоирнинг ҳаётга муносабати ҳам шундай. Унинг учун ёмон шоҳ барча ёмон хислатларни жамлаган одам, яхши шоҳ эса барча ижобий хислатларни жамлаган шахс. Яхши одам – хушахлоқ, одил ва оқилдир. Яхшиларнинг яхшиси – еру кўкни бир назар билан қамраб олган. Баҳоуддин Нақшбанд ёки орифлар орифи абдураҳмон Жомий. Булар илоҳий уруж даражаларидан илдамлашиб кетган валий инсонлар. Комиллик тимсоли. Улар Навоий назарида реаллик билан нореаллик ёхуд дунё билан ғайб олами орасидаги кишилардир. Икки оламни боғловчи комил инсоннинг бир неча типини Навоий "Хамса” асарида кўрсатиб беради.
Воқеан, адабиётнинг ўзи комиллик белгиси, комил сўз, комил маъно ва комил тафаккур ифодаси. Буларни эгаллаган инсон комил хилқат бўла олади. Демак, улуғ Алишер Навоийнинг ўзи комил инсоннинг ёрқин тимсолидир. Комил хилқат бўлган инсон барча нарсада такомилни, етук мунтазамлик ва музайянликни кўрмоқчи бўлади. Унинг олий орзуси – оламни ҳам, ўзини ҳам нуқсонлардан халос этиш. Инсон руҳи комилликка ташна экан, санъат ва адабиёт эса шу чанқоқни бостириш учун хизмат қилиб келган. Инсо руҳининг мўъжиза мавжларини, фараҳ ва хуррамлигини ифодалаган. Инсон руҳи санъатдан озиқланиб яйрайди ва барча қудратини санъатда кўрсата олади.
Улуғ мутафаккир шоирлар ижоди буни асрлар давомида исботлаб келмоқда. Дин, мифология, бадиий ижод бирга бақамти ривожланди, бир-бирини тўлдириб, бир-бирига мадад берди. Барчасининг муддаоси Инсон эди, Инсонни ўрганиш ва поклаш эди. Гарчи илоҳий ғоялар куйланса ҳам, лекин адабиёт инсон қалбининг ифодаси бўлиб келди. Зеро, Аллоҳ ҳам инсон қалбидадир.

Просмотров: 1268 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024