Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 19:48
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Август » 12 » ТУТИНГАН СИНГИЛ
15:55
ТУТИНГАН СИНГИЛ
11.09.2012, 13:43

ТУТИНГАН СИНГИЛ

 

Тоштемир иккимиз Тошкент шаҳридан унча узоқ бўлмаган жойда яшовчи бир фермерникида молхона қурардик. Ўнимиздаги далада бир гуруҳ аёллар пиёз ўтоқ қилишарди. Энди тушликка чиқмоқчи эдик, аёллар галасига бўри оралагандек, саросималик бошланди. Икки нафар маст йигит бир мардикор аёлни олмачорвоқ томонга судрай бошлашди. 7-8 ёшлардаги бир қизалоқ аёлнинг ортидан йиғлаб эргашганди, аёлларнинг бири қиз боланинг қўлидан ушлаб қолди.

 

Тоштемир девордан сакраб тушиб, ўша томонга қараб чопди. Мен ҳам ноилож дўстимнинг ортидан етиб бордим. Олмачорвоқ ичида аёлни зўрламоқчи бўлган ширакайф йигитлардан бири бизларни кў¬риб, чўнтагидан пи¬чоқ олди ва шерикларига қандайдир имо қи¬либ, биз томонга юзланди. Лекин шу заҳоти у жағига еган тепкининг зарбидан ён¬бошга учиб кетди. Аёлни ушлаб турган шериклари қочмоқчи бўлишди, лекин уч йил Афғонистонда қон кечган армия разведкаси сержанти Тоштемирдан қочиб қутилишнинг иложи йўқ эди. Бирининг Тоштемирга кўтарган қўли қарсиллаб синди, бири нафас йўлига берилган зарбадан қирғоққа чиқиб қолган балиқдек оғзини очиб нафас олмоқчи бўлар, лекин нафас ололмай кўкариб кетганди. Бир зумда бизларни ишга ёллаган фермер Толиб ака етиб келди ва аҳволни кў¬риб, капалаги учиб кетди. Тоштемир иккимизни четга олиб, «Тезда бу ердан кетинглар, булар катталарнинг арзандаси. Манови қўли сингани прокурорнинг қайниси, ановиси бой¬вач¬чанинг ўғли. Тезда кетинг¬лар, сизларга ҳам, менга ҳам яхши бў¬лади. Ҳозир ишлаган ҳақ¬ларингни олиб келаман, йўлга чиқаверинг¬лар. Анови аёлни ҳам ўзларинг билан олинглар. Барибир унгаям энди тинчлик беришмайди» деб уйи томон чопиб кетди. Бизлар йўлга тушдик. Ор¬тимиздан қизчасини етаклаб ўша аёл ҳам эргашди. Бу 25-26 ёшларга кирган аёлнинг қомати худди балоғат ёшидаги қизларникидай эди. Нақш олмадек гўзал юзини дашт шамоли қорайтирган, катта ва чиройли кўзлари қамга тўла эди. Эгнида ямоқ тушган халат, оёҚида эски калиш, қизининг кийимлари ҳам онасиникидан яхши эмасди. Лекин уларнинг уст-бошлари эски бўлса-да, озода эди. Бу орада Толиб ака бир «Дамас» ҳайдовчисини бизларни шаҳарга ташлаб келишга кўн¬дир¬ганди. Бизларнинг ва аёлнинг иш ҳақини қўлларимизга бериб, хайрлашди.

 

— Раҳмат сизларга, ме¬ни шармандаликдан қут¬қариб қолдинглар, — деди аёл қимтинибгина.

 

— Хижолат чекма, бизларнинг ўрнимизда бошқа йигитлар бўлганда ҳам у ҳайвонларнинг таъзирини бериб қўйган бўларди. Лекин сени деб яхшигина ишимиздан айрилдик. Хўжайин яхши одам эди, ҳақимизга хиёнат қилмасди. Менга барибир, лекин шеригимга шаҳар ҳавоси ёқмайди. — Тоштемир мени кўрсатди.

 

— Пешонам қурсин, акалар. Мени ўша безорилардан қутқараман деб сизлар ҳам...

 

— Э, қўявер синглим. Бизлар ўзи шунақа омадсизмиз. Ўзингдан гапир, қаерликсан? Гапларинг қаш¬қадарёликларга ўхшаяпти.

 

— Э, нимасини айтай, акалар. Менинг сиртим бутун, ичим дардга тўла. Бир вақтлар мен ҳам бир оиланинг эрка қизи эдим. 9-синфда ўқиб юрганимда пахта теримига чиққандик. Бир куни кечга томон қуёш ботиш олдидан пахтазор ичидан чақалоқнинг йиғиси эшитилди. Овоз келаётган томонга бордим. Шундайгина йўл четидаги эгат ичига қўйиб кетилган чақалоқни кўриб, ҳайрон қолдим. Атрофга боқдим, ҳеч ким йўқ эди. Чақалоқни қўлимга олдим.У йиғидан тўхтади ва менга қараб кулди. Кейин уни жо¬йига қўйиб, кетиш фикридан қайтдим. Чақалоқни кўтариб, пахтазордан чиқдим. Бир оз юргач, Еттитомнинг чорраҳасига чиқдим. Бекатда ҳам ҳеч ким «бу чақалоқ меники» деб тан олмади. Кеч тушиб қолганди, ноилож чақалоқни уйимизга олиб келдим. Ота-онам «Қизим яхши қилибсан. Агар ташлаб келганингда далада чиябўриларга ем бўларди, гуноҳга ботардинг» деб менга тасалли беришди. Янгам яқинда фарзандли бўлганди, мен олиб келган чақалоқни ҳам эмиза бошлади. Лекин қўни-қўшни ва мактабда синфдошлар мен ҳақимда бўлмағур гапларни айтишиб, ер билан битта қи¬лиш¬ди. Гўё мен Али ҳайдовчи билан «юриб» қўйиб, бола туғиб олган эмишман. Ота-онам бу қамни кўтара олишмади. Бирин-кетин ота-онам бу қурбатли дунёни тарк этишди. Бу орада Жумагул уч ёшга тўлди. Чақалоқнинг исмини Жумагул қўйгандик. Ота-онам ўлгач, акам мени уйдан ҳайдаб юборди. Қизимни олиб, Қарши шаҳрида икки йил яшадим. Шаҳар кўчаларини супурардим. Ишим яхши эди, лекин ётоқхона қоровули менга тегажоқлик қила бошлади. «Мен билан яқин алоқада бўласан, ё бу ердан кетасан» деб шарт қўйди. Ноилож Тошкентга келдик. Мана икки йилдирки, Тошкентнинг нонини еяпмиз. Ҳозирги ижарада турган жойим ҳам яхши эмас. Ўғли пиёниста, ичиб олиб менга тегажоғлиқ қилмоқчи бўлади. Сабр косам тўлиб кетди, ҳаёт мени эзиб ташлади. қиз боламан, бир йигитни бахтли қиламан, фарзандларимга она ва вафоли ёр бўламан деган орзуларим катта эди. Лекин қайси эркак мени кўрса, дарров ёмон хаёлга бориб, ўзиники қилмоқчи бўлади. Гўзаллигим менга ташвиш ва қам келтирди. Гоҳида ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўламан. Лекин мана бу гўдакни ўйлаб, бу фикримдан қайтаман. Ўзим туғмаган бу қизалоқ ёлғиз овунчоғим. Бу турмуш зарбаларидан ниҳоятда чарчадим. Бизга паноҳ бўладиган яхши бир инсон учраса, турмушга чиқардим, ёши катта бўлса ҳам майли. Яқинда биттаси учради, ёши 45 да экан. Жумагулга ҳам меҳр қўйганди. Лекин менинг ҳали турмуш қурмаган қиз бола эканлигимни билгач, фикридан қайтди. Мен сенинг тенгинг эмасман, ҳали бахтингни топасан», деди.

 

— Тўғри айтибди, сен учун ҳали ҳаётнинг яхши кунлари кўп.

 

— Билмадим, ёшим 24 га чиқди. Мен тенгилар икки-уч фарзандли бў¬лишди. Менинг ҳалигача бошпанам йўқ. Сизларга ҳам дардимни дастурхон қилиб, ғашингизга тегдим-а?

 

— Шу синглимизни ўзимиз билан квартирамизга олиб кетайлик, — деди Тоштемир бир пайт, — икковимизга ҳам юртдош экан.

 

— Билмадим, Зина момо кўнармикан?

 

— Уни ўзим кўндираман.

 

Шундай қилиб, Нургул қизи билан бизлар ижарада турган квартирада яшай бошлади. Бизларнинг нурсиз, бир хил ҳаё¬тимизга улар нур олиб кир¬ди. Жумагул қизимиздек бўлиб қолди. Нургул келиб, яшаш жо¬йимиз, уст-бошларимиз озода, ишдан келишимизга мазали таомлар пиширилган бўларди. Нургул ёнимиздаги болалар боғчасида ошпаз бўлиб ишларди ва барвақтроқ келиб ҳамма ишни бажаришгаям улгурарди. Биз учун онадек бўлиб қолган Зина момо Тоштемир иккимизга танбеҳ берди.

 

— қачонгача роҳиблардек хотинсиз юрасизлар? Хуррамнинг қишлоқда хотини ва қизи бор экан. Сен, Тоштемир, мана шу қизга уйлан! Ҳаётинг гўзал бўлади. қандай гўзал, қў¬ли ширин, озодалигини айт¬майсанми? Хотин эмаc, хазина. қўй, ўша сени ташлаб кетган бевафонгдан воз кеч.

 

Тоштемирнинг яраси янгиланди.

 

— Мен Гулбаҳордан воз кеча олмайман. Унга бўл¬ган муҳаббатим мени неча бор ўлимдан сақлаб қол¬ди. Уни деб афғон гўзали Гулбаданга уйланмадим. Дунёдан тоқ ўтсам ўтаманки, ундан воз кечолмайман. Ана, Хуррам уйлансин, икки хотин олиш мумкин-ку!

 

— Сендан бу гапни кутмагандим, жўра. Нургул менинг тенгимми? Мен бир омадсиз бўлсам?

 

— Сени синамоқчи эдим, — деб дўстим узр сўради.

 

Зина момо бошқа бу мавзуда гап очмади. Тез кунда Жумагул биринчи синф¬га борди. Унга янги кийим-бош харид қилдик. Нургулнинг қувончини кўр¬сангиз эди...

 

— Ўз акам қилмаган яхшиликларни қилдингизлар, мендан қайтмаса худодан қайтсин, — деди Нургул йиғламсираб.

 

Биз бир муштипарга яхшилик қилиш қўлимиздан келганлиги учун ҳам шод эдик.

 

Куз кунларининг бирида Ўрикзор маҳалласидаги бир йигитнинг ҳовлисида сополдан йўлка тердик. Ишимизни тугатгач, ҳовли эгаси — 27 ёшларга кирган йигит зиёфат берди ва бизлар билан ўтириб ароқ ичди.

 

— Онда-сонда ичаман, шу билан юрагимдаги қамни унутмоқчи бўламан, лекин бунинг уддасидан чиқолмайман, — деди кўзлари мунгли йигит. — Манави кошона уй ва менинг ҳаётим ҳам бу дунёда кераксиз буюмдек. Кўнглим хазонрезги куз фаслидек совуқ ва рутубатли. Бир бошидан сизларга бошимдан ўтганларни сўз¬лаб бера¬йин, зора енгил тортсам.

 

Бошингга қандай бало келса, бировданмас ўзинг¬дан кўр, деган экан бир донишманд. Мен университетнинг ҳу¬қуқ¬шунослик факультетида ўқиб юрганимда ҳамкурсим Саидани севиб қолдим. Унинг отаси қарши шаҳрида катта лавозимда ишларди. Онам менга қариндошимизнинг қизини унаштириб қўйганди. қанча ялиниб-ёлвормай, ота-онам фотиҳани бузиб, Саидага уйланишимга розилик беришмади.

 

Саиданинг ота-онаси ҳам ёлғиз қизлари Тошкентда қолиб кетишларига рухсат беришмасди, албатта. Бу орада Саида ҳомиладорлигини, тезда уни олдириб ташламаса иккаламиз ҳам шарманда бўлишимизни айтиб қол¬ди. Мен фарзандимиз туғилишини хоҳладим. Хуллас, қиз фарзандли бўл¬дик. қанчалар бахтиёр эдик. Ер юзида иккимиздан бахтлироқ инсонлар йўқ эди. Лекин бахтимизга ота-онам соя солди. Саидани мени йўлдан уриб, фарзандли бўлиб олган шаллақи деб университетдан ҳайдатганлари камлик қилгандай, бош¬қа шаҳарга амалиёт ўтагани кетганимдан фойдаланиб, безори болаларни тезлаб, Тошкентдан ҳам ҳайдатиб юборишибди. Саиданинг ота-онаси ҳам уни фарзанди билан уйига қў¬йишмабди. «Ҳа¬ромини қаердан орттирган бўл¬санг, ўшанинг ёни¬га бор» деб қувиб юборишибди. Саида аччиқ устида фарзандимизни Еттитомдаги чорраҳа ёнидаги пахтазорга ташлаб, Тошкентга қайтибди. Жом қиш¬лоғига етмасдан, фарзанд доғига чидай олмай ортига қайтибди. Лекин боласини ташлаб кетган жойидан топа олмабди. Фарёд уриб, тўрт томонга қараб чопибди. Кейинчалик икковимиз ҳам қизимизни кўп изладик. Чироқчини, Кўкдалани, қарши-ю Самарқандни пиёда кезиб чиқдик, лекин қизимизнинг дараги чиқмади. Саида эса мойи тугаган чироқдек кундан-кунга тугаб, сўниб борарди. Севгилимга ёпишган дард¬ни шифокорлар аниқ топишолмаган бўлишса-да, мен билардим. Саидани фарзанд доғи йиқитганди. Агар фарзандимизни топсаккина унинг дардига даво топиларди. қизимиз Фариданинг тириклигини, кимнингдир қўлида тарбия топаётганлигини сезардик. Саида кечалари она бўридек изиллаб йиғлаганча увлаб чиқарди. Икки йил азобланган Саида оламдан ўтди. Менга ҳам бу дунёнинг қизиғи қолмади. Мана шу ҳовлини сотиб олиб, бир ўзим бойўғлидек ёлғиз яшаяпман. Йигитлар, менинг дардим шу, сизларга қи¬зиҚи бўлмаса ҳам сўзлаб бердим. Мана, озгина енгил ҳам тортдим, — деди йигит ва жим қолди.

 

Бизлар ташқаридаги кек¬са тут дарахти тагидаги супада ўтирардик.

 

Кузги япроқлар ерга тў¬килиб, шамол эпкинида учарди.

 

— Севги ва айрилиқ симфонияси, — деди бир пайт йигит. — Рўзи Чориевнинг шундай асари бор. Олтин куз фасли. Хазонрезги йўл бўйлаб қоронғулик сари кетаётган йигит ва қиз. Негадир ҳозир ўша суратни эсладим. Фарзандимизни ҳам куз фаслида йўқотгандик.

 

— Сиз учун ҳозирги куз фасли айрилиқ эмас, балки бахт фаслидир, — деди Тоштемир дўстим менга му¬ғомбирона кўз қисиб.

 

— қанақаси? — деди йигит бизга ҳайрон боқиб.

 

— Чунки сизнинг қизингиз тирик ва соғ-саломат. У ишончли бир қўлда.

 

— Нима? Нима? — йигитнинг кўзлари ҳайронликдан катталашди ва титроқ бармоқлари билан бўйинбоғини бўшатди.

 

— Сиз аниқ биласизми? У қаерда? — йигит Тоштемирга тармашди.

 

— Ҳа, ўша аниқ сизнинг қизингиз...

 

Бу орада йигитнинг ранги докадек оқариб кетди ва сўрининг суянчиҚига суянди кейин чўнтагидан валидол олиб, титроқ бармоқлари билан бир дона ти¬лининг тагига таш¬лади.

 

Тоштемир Нургул ва унинг қизи ҳақида батафсил гапириб берди. Йигит ҳикоя давомида бир неча бор йиғлаб олди.

 

— Мен хурсандчилигимдан йиғлаяпман, акалар, — деди йигит. — Менга яна бир яхшилик қилинглар. Бундай ўйлаб кўрсам, агар мен Фарида қизимга оталик даъво қилиб борсам, бирданига тўғри бўлмайди. Яхшиси, мен Нургулга совчи қўяман, сизлар уни кўндирингизлар, — деб илтимос қилди у.

 

Эртасига Шодиёр прокурордан Нургулга совчи келди. Учрашувга чиқиб келган Нургул Шодиёрга «акаларим ни¬ма деса шу» дебди.

 

Тоштемир иккимиз, албатта рози эдик. Уч кундан сўнг ширингина тўй бўлди. Нургул синглимиз ширингина бахтини топди. Орадан бир ҳафта ўтиб, Зина момо, Тоштемир ва мен битта кийим илгич олиб, уни кўргани бордик. Синглимиз шунчалик бахтиёр эдики, таърифлашга сўз ожизлик қилади. Ҳовли бўйлаб учиб юрарди.

 

— Биласизларми, — деди кузатишга чиққан Нургул, — шунчалик бахтлиманки, гоҳо бу туш эмасми деб ўзимни ўзим чимчилаб кўраман. Сизларга минг раҳмат. Шундай олижаноб йигитни топиб берганларингиз учун бир умр миннатдорман.

 

— Ўзи қизингга ўгайлик қилмаяптими? — сўради Тоштемир.

 

— Иккови шунчалик иноқки, билмаган одам уларни ҳақиқий ота-бола деб ўй¬лашади.

 

Тоштемир дўстим сирни очиб қўяёзди, мен унинг биқинига туртдим.

 

Орадан тўрт йил ўтди. Ўтган йили Тоштемир дўс¬тим юрак хуружидан вафот этди. Сурхондарёнинг Денов туманидаги чекка бир қишлоғида йиғлай-йиғлай дўстимни ерга қўйдим. Нургул ҳам етиб келганди. У дўстимнинг таъзиясида чин дилдан «акам»лаб йиғлади. Уни қўнғироқ қилиб чақиртиргандим.

 

Дарбадар ўғлини кута-кута кўр бўлиб қолган онаси мени чақирди.

 

— «Акам»лаётган ким? Ўки ўша бевафо Гулбаҳорга инсоф бериб, бир умр азоб берганига виждони қийналиб, «акам»лаяптими?

 

— Йўқ, бу Тоштемир иккимизнинг тутинган синглимиз бўлади. Мусофирчиликда топишганмиз. У қиз ҳам кўп қийинчиликлар кўрган, — дедим мен.

 

— Энди сен узоқ яшагин, менинг болам ёш кетди. У кўрмаган яхшиликларни кўр, болам. — Шарофат хо¬ла титроқ бармоқлари билан юзимни силаб, бағрига босди. У кишидан ёш¬лик вақтимда ўлиб кетган онамнинг бағридан келган ҳидни туйдим. Ўшгина ўлган онамни ва дўстимни эслаб, ҳўнграб йиғладим. Тоштемирнинг онаси жонсарак бармоқлари билан бошимни силади ва:

 

— Қўй болам, барибир ўлганлар қайтиб келмайди, — деди ўзи ҳам йиғламсираганча.

 

Нургул тез-тез келиб, Тоштемирнинг онаси ва мендан хабар олиб кетадиган бўлди. Ўтган йили у ўғилчали бўлди...

Хуррам ШЕРМАТ.

Просмотров: 840 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024