Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 23:31
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Август » 5 » ЖИЛОВЛАНМАГАН «СЕВГИ»
16:48
ЖИЛОВЛАНМАГАН «СЕВГИ»
ЖИЛОВЛАНМАГАН «СЕВГИ» 


Севгининг ҳам жилови бўладими, дея ажабланманг. Гарчи бу борада юракка буйруқ бериб бўлмаса ҳам, унинг ўзига яраша меъёр ва қоидалари мавжуд, албатта. Кўнгил-да, дея ҳамиша унинг амрига қулоқ солавериш асло ярамайди. Негаки, ҳозирда туйғулар ҳам сувга ўхшаб чайқалаяпти. Бунга биргина мисол: тенгдошларимнинг сохта, ўзгарувчан севгиси.  Севгига аниқ таъриф бериб бўлмайди. У қалб учун ҳокимлик қилиш, ақл учун ички ўхшашликка интилиш, вужуд учун эса, эгаликка интилувчи («у фақат меники бўлиши керак...») нозик ва пинҳоний истакдир. Шундай экан, бунга ортиқча изоҳ беришнинг ҳам ҳожати йўқ.


Севги душмани

Севги — яхшилик хизматчиси. У ёмонлик, манфаат ҳамда иккиюзламачиликни ёқтирмайди. Алдоқчилик, найранг билан чиқишолмайди. Иродасизлар билан муросага келолмайди. Қўрқоқлардан нафратланади. Майда одамлар билан эса, сўзи қовушмайди.

Негадир дугоналарим кўзида ёш кўрсам ғалати бўламан. Юрагим шувиллайди. Дарҳол ўзимга одатий саволларни бера бошлайман. Нима бўлди? Йигити билан яна урушиб қолдимикин ёки... Қарабсизки, сал ўтиб ўйлаганим ҳақиқат бўлиб чиқади. Севги риштаси оддийгина тортишувдан узилишгача боради. Ўшанда севгининг ҳавас, манфаат ва вақтинчалик эрмакка айланаётганидан куйиниб кетаман.


Севги учбурчаги, тўртбурчаги ва кўпбурчаги...

Тенгдошларим орасида шундайлари ҳам бор: худди бирон нарсани омборга жойлаштириб, «зарари йўқ, керак кунимда ишлатарман» дегандек, бир-бирини «запас»га қўйиб сақлайди, сақлайверишади. Хоҳласа, олиб фойдаланишади, ёқмай қолса, осонгина ташлаб юборишади. Тамом-вассалом!

— Бисотингда нечтаси бор?

— Учтаси билан алоқам яхши. Қолган иккитаси билан фақат телефонда гаплашяпман.

— Шунчасини эплаш қийин бўлмаяптими?

— Йўқ. Сенга ҳам ўргатайми (иккита талаба йигит суҳбатидан)...

Покиза туйғуларни оёқ ости қилаётган дўстларимга ачинаман. Инсон қадрининг топталаётганидан эса, бошимни чангаллайман. Севгига ишонч йўқолиб бораётганига йиғлагим келади. Шундай соф туйғунинг баъзилар қўлида ўйинчоқ бўлаётганидан афсусланаман. Афсусланаман, аммо бунга чора тополмайман.


Юрагингиз бекати борми?

Севаман. Бу сўзни айтиш учун инсонда журъат ва шунга яраша муҳаббат ҳам бўлиши керак. Буни айтдингизми, шунга муносиб бўлишингиз ҳам шарт. Бўлмаса, арслон изидан, йигит сўзидан қайтган бўлиб қолаверади.

Тилнинг суяги йўқ. Оғзимизнинг бир чеккасидан чиқиб кетаётган ёлғон ваъда ва изҳорларга бечора тилни айбдор қилиш ҳам ярамайди. Негаки, тил фақат кўнглимиздаги гапни етказиб беради. Ҳар куни бўлмаса ҳам, ҳафтасига янги муҳаббатлар «кашф этаётган» тенгдошларимга берадиган битта саволим бор: юрагингизнинг бекати борми?


Қарс икки қўлдан чиқади

Севгининг қадрсизланишида айрим қизларимизнинг ҳам анчагина ҳиссаси бор. Йигитлар билан вақтичоғлик ёки «эҳтиёж»ини қондириш учун гаплашадиганлариям орамизда йўқ эмас. «Сен бўлмасанг, бошқаси» қабилида иш тутадиган дугоналаримнинг бу услубни қаердан ўрганаётгани мени ажаблантиради. Буни ўзларича, замон талаби, деб биладиганларнинг гаплари қанчалар асосли?!

Қизлардан яхшигина «оғзи куйган» йигитларимиз ҳам улардан ўтса ўтаяптики, қолишмаяпти. Мусобақада ютқазиб қўйишдан хавфсираб, байроқни қўлга киритишга уринишмоқда. Бу кетишда ўртадаги бечора севгининг ҳоли нима кечади, билмаймиз. Буни ёлғиз вақт ва виждон ҳукмига топширамиз.

Телефон. Севги воситачиларидан бири. У янги таниш ва севгиларнинг пайдо бўлишида кўмакчи. Ҳозирда ёшлар ўз севгисини телефон орқали қидиришга, туйғуларини ошкор қилишга одатланмоқда. Гўёки, синалмаган муҳаббатнинг умри узоқ бўладигандек...

Интернет. Ижтимоий тармоқлар ёрдамида боғланаётган туйғулар риштаси шамолга ҳам бардош беролмайди. Узилади. Виртуал ҳаётда виртуал муҳаббатгина мужассам. У зерикишдан халос бўлишгагина хизмат қилади.


Севги рекламаси

Чин севилмоқни истайсизми? Унда ўзингиз ҳам шундай севинг!

Зерикдингизми? Бир хиллик жонингизга тегдими? Зерикишдан халос бўлиш йўли муҳаббатингизнинг қадри ҳақида ўйлашда!

Бахтли бўлишни хоҳлайсизми? Севинг ва севгилингизга содиқ бўлинг, вафоли бўлинг!


Қалбни ҳам жисм каби даволаш мумкин

Иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Ҳаттоки, вафосизлик касалининг ҳам давоси бор. Уларни ҳақиқий севги ёрдамида даволаш керак. Шунингдек, ота-оналар фарзандига кичкиналигидан меҳр-муҳаббат туйғусини сингдириб бориши лозим.

Бола тарбиянинг илк дарсини оилада олади. Соф туйғулар оғушида камолга етган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Негаки, болаликдаги туйғулар покиза ва сувдек тиниқ бўлади. Бундай юрак эса, чин севишга, севилишга қодир.

Тенгдошим, биламан, сиз ҳам менга ўхшаб чин севгини истайсиз. Ёлғон муҳаббатни хушламайсиз. Келинг, биргаликда бахтли севги йўли томон қадам ташлайлик! Тайёрмисиз? Унда, кетдик.


Қумар БЕГНИЯЗОВА
Просмотров: 977 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024